Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 30 март куни Рамазон ойидаги хатми Қуръоннинг кунлик тақсимоти белгилангани ҳақидаги хабарни эълон қилди. Унга илова қилинган жадвалда таровиҳнинг биринчи куни сифатида 1 апрель кўрсатилган. Қоидага кўра, таровиҳ Рамазон ойи кириб келишидан бир кун аввал бошланади. Ушбу жадвалга таянилса, Рамазон 2 апрелдан бошланиши кутилмоқда.


Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси 28 март куни Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва Ислом дини тартиб-қоидалари асосида ойни кузатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини хабар қилган эди.

Таниқли уламолар ва малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Рамазон ойи киришини астрономик таҳлиллар асосида кузатиб бориши маълум қилинди.

«Унинг натижаларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашига киритади. Рамазон ойи бошланиши ҳақидаги хабар Уламолар кенгаши томонидан кўриб чиқилади», — дейилганди хабарда.

Бироқ ҳозирча муқаддас ой қачон бошланиши ҳақида расмий хабар эълон қилингани йўқ. «Газета.uz» ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати билан боғланишга уринди, бироқ қўнғироқларга жавоб берилмади.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Рамазон ойи 2 апрелдан бошланишини маълум қилди.

«Рамазон ойининг биринчи куни 2 апрель санасидан бошланади. Демак, 2 апрель, шанба куни тонг отмасидан аввал, саҳарлик қилиб, рамазон рўзаси ният қилинади. Шунингдек, таровиҳ намозидаги Қуръон ҳатмлари 1 апрель, жума куни, хуфтон намозидан сўнг ўқилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармаси 25 март куни мамлакатда Рамазон ойи 2 апрелдан бошланиши, «ушбу қўшма қарор Ўзбекистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармалари билан келишган ҳолда қабул қилинганини» билдирди.