Зангиота тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Ж. У.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қидирувга берилди. «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳозирда Зангиота туман ҳокимияти мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Жиноят иши доирасида Зангиота тумани ҳокимининг собиқ ўринбосарига Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан айблов эълон қилинган. Унга сиртдан „қамоққа олиш“ эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда қидирув эълон қилинган», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» манбасига кўра, гап туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари Ж.У. ҳақида кетмоқда. У шу йилнинг 10 январида ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган ва ҳоким у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорга 17 январда имзо чеккан.