Ўзбекистон фуқаролари учун Тожикистонда рўйхатдан ўтмасдан юриш муддатини 10 кунгача узайтириш режалаштирилмоқда. 28 март куни мамлакат қуйи палатаси (Тожикистон Мажлиси намояндагон) 2018 йил 9 март куни Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги мамлакатлар ҳукуматлари имзолаган Битимга ўзгартишлар киритишни қабул қилди.

Имзоланган баённомага мувофиқ, фуқароларнинг вақтинча рўйхатдан ўтмасдан икки давлат ҳудудида бўлиш муддати — 10 кунгача узайтирилади. Илгари ушбу муддат 3 кунни ташкил қилган.

«Бир давлатнинг фуқаролари бошқа томоннинг ҳудудига кирганда, қабул қилувчи томоннинг давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлаб 10 (ўн) иш куни муддатга яшаш жойининг ваколатли органларида рўйхатга олиш ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш мажбуриятидан озод қилинади», — дейилади Тожикистон парламенти сайтида.

Депутат Равшан Ражабзода, ўзгартишларга изоҳ берар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистонга сафар қилаётган Тожикистон фуқаролари сони кўпайгани, баъзан еса қисқа рўйхатга олиш муддати туфайли қийинчиликлар пайдо бўлаётганини таъкидлади.

«Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида»ги битимга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари қўшни давлат ҳудудида виза олмасдан 30 кунгача бўлиши мумкин, деб эслатиб ўтди «Азия-плюс» нашри.

Март ўрталарида Тожикистон ва Ўзбекистон ерусти ўтказиш назорат пунктларини тўлиқ очди. Ўзбекистонга киришда сертификат ёки паспорти бўлмаганда камида 72 соат олдин топширилган ковидга манфий ПЗР-тест талаб этилади. Ҳар иккиласи ҳам бўлмаган тақдирда эса чегара ўтиш пунктларида манфий натижали экспресс-тест маълумотномага (электрон QR code) эга бўлиши шарт қилиб белгиланди.

«Азия-плюс» маълумотларига кўра, томонлар чегаралардаги барча божхона ўтказиш пунктлари фаолиятини қайта тиклади. Тожикистоннинг республика штаби чегара назорат пунктларини ишини одатдаги режимга ўтказди.