Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова 24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди. У мамлакатнинг савдони эркинлаштиришдаги ютуқлари ва тегишли хавф-хатарлар ҳақида гапирди.

Ютуқлар

Галина Саидова ўз нутқини Ўзбекистон беш йил ичида савдо-сотиқни либераллаштириш ва интеграция жараёнларини ривожлантириш орқали нималарга эришгани билан бошлади.

«Биз валюта бозорини жуда тез ва жуда самарали либераллаштиришга эришдик. Қисқа қилиб айтганда, биз илгари валютани тартибга солиш орқали ташқи савдони назорат қилардик. Бу ташқи савдони назорат қилиш учун энг кучли ва энг салбий инструмент ҳисобланади. Биз уни енгиб ўта олдик ва қисқа муддат ичида курсларни бирлаштириш ва тўлиқ конвертация қилишни таъминлай олдик», — дея қайд этди мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири.

Валюта эркинлаштирилиши натижасида ташқи савдо билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар сони икки бараварга кўпайди.

Шунингдек, Ўзбекистон «божхона ставкаларини кескин қисқартириш» ҳисобига ташқи савдони эркинлаштиришга эришди.

«Мен сизларга айтсам, фақат сўнгги беш йил ичида божхона ставкалари икки бараварга қисқарди. Агар ўртача божхона ставкаси 15,8% бўлган бўлса, бугунга келиб у 8% дан камроқ. Яъни, бу деярли икки бараварга кам дегани. Ва бу ташқи савдони жиддий рағбатлантира олди», — дея таъкидлади у.

Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 млрд доллардан 2021 йилда 42 млрд долларгача — 1,7 бараварга ошди. Экспорт ҳажми 1,4 бараварга, импорт эса — икки бараварга ўсди, деди президент маслаҳатчиси ўринбосари.

«Катта учлик илк маротаба Ўзбекистонга суверен рейтинг берди, устига-устак барқарор ва хатто ижобий баҳолади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти рейтингида биз олтинчи гуруҳдан бешинчига кўтарилдик. Аслини олганда бу жуда жиддий қадам бўлди», — деди Галина Саидова.

Бизнес юритишни яхшилаш учун Ўзбекистон ички сиёсий ислоҳотларни ўтказди, биринчи ўринда болалар мажбурий меҳнатидан воз кечди. Шу ва бошқа ислоҳотлар Европанинг GSP+ преференцияли режимини қўлга киритишга замин яратди, бу эса 6200 дан ортиқ маҳсулотлар турларини Европа давлатларига божсиз экспорт қилиш имконини беради.

«Биз Cotton Campaign билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилдик. Бу бизга Европадан ташқарида ҳам, шу жумладан тўқимачилик маҳсулотлари учун АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатлар бозорларини очади. Бу етарли даражада жиддий», — деди у.

Хавф-хатарлар


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Галина Саидова шунингдек, савдони либераллаштириш ва иқтисодий интеграция амалга оширилишида Ўзбекистон учун хавф-хаталарни ҳам санаб ўтди. Жиддий хатарлардан бири бу — cавдони эркинлаштириш ва иш ўринлари яратиш масалалари ўртасидаги мувозанатни сақлаш заруратидир, деди у.

«Барча, айниқса, Ўзбекистонда демографик муаммолар таъсирида биз учун шунчаки эмас, балки ҳақиқатда иш ўринларини яратиш жуда муҳимлигини яхши тушунади. Халқимиз етарли даражада юқори билимга эга. Ва гап таълим, маданият, илмий даражалар ва бошқаларга мос равишда иш ўринларини яратиш ҳақида кетмоқда. Яъни, ҳеч бўлмаганда муносиб ҳақ тўланадиган, мен юқори маош тўланадиган сўзларидан ҳайиқаман, бироқ, ҳеч бўлмаганда муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари», — деди президент маслаҳатчиси ўринбосари.

Президент Администрацияси вакиласининг таъкидлашича, импорт учун чегараларни очувчи савдо либераллашуви «ўзига хос қарама-қаршиликка эга».

«Биз буни қандай қилиб ҳал қилмоқчимиз? Бу қарама-қаршиликка ечим топиш керак. Қоқилмаслик ва яна қандайдир протекционистик чораларга қайтмаслик учун биринчи навбатда, мана шундай гўзал шиорлар остида иш ўринларини яратиш, ташқи савдони ривожланиши ҳамда ишлаб чиқарувчиларимиз ва бошқа мамлакатлар ишлаб чиқарувчиларининг мутаносиб рақобатбардошлигига эса тўсқинлик қилмаган бўлардик», — деди у.

Галина Саидова Ўзбекистонда қўшимча қиймат занжирларини яратиш механизми чуқур жорий этилаётганини, хусусан, ўз хом ашёсини чуқур қайта ишлашга ўтиш жараёни якунланаётганини таъкидлади.

«Оддий мисол: биз пахтани экспорт қилардик. Мен сизларга айтсам: биз пахта экспортидан бир вақтлар яхши конъюнктура вазиятида амал-тақал қилиб, 800 миллиондан 1 миллиард долларгача олардик. Биз пахта экспортидан деярли бутунлай воз кечдик. Пахта экспорти бўйича жуда кичик рақамлар қолган. Ва бугунги кунга келиб, 2021 йилда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3 млрд доллардан ошади. Пахтадан эса — бор йўғи 136 млн доллар. 3 миллиард доллар қаердаю, олдинги миллиард доллар қаерда», — деди у.

Пахта хом ашёси экспортидан воз кечиш ва уни мамлакат ичида қайта ишлаш экспорт салоҳиятини уч баравар оширишга замин яратди.

«Ҳудди шуни табиий газ билан қилишимиз мумкин. Ҳудди шуни мис билан ҳам қилишимиз мумкин. Ҳудди шуни рух ва бошқалар билан ҳам қилишимиз мумкин», — дея тушунтирди маслаҳатчи ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, маҳаллий хом ашё асосида қўшилган қиймат занжирини яратиш муайян даражада муаммони ҳал қилиш воситаси бўлиб хизмат қилади, яъни, шунчаки экспорт ҳажми ошибгина қолмайди, балки, «муносиб ҳақ тўланадиган» иш ўринлари ҳам яратилади.

Галина Саидова савдони либераллаштириш учун иккинчи йўналиш сифатида халқаро кооперацияни қайд этди. Унинг доирасида Ўзбекистон ярим тайёр маҳсулотлар сотиб олиш ёки уларни реализация қилиш орқали «глобал қўшилган қиймат занжирига мослашиши» мумкин.

Ўзбекистон ҳам ривожланган давлатлар фаолият юритаётган савдо моделига ўтиши мумкин. Гап ҳеч қандай чекловларсиз хом ашё ёки ярим тайёр маҳсулотларни импорт қилиш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш ҳақида кетмоқда.

«Бунинг учун эса маҳсулотларнинг ҳам нарх, ҳам сифат жиҳатидан юқори рақобатбардошлигига эришиш керак. Бироқ, бу тўғри модель. Бу ҳозирги кунда ривожланган мамлакатлар ишлаётган модель ҳисобланади. Бунга дарҳол эришиб бўлмайди, лекин босқичма-босқич биз ушбу моделда бемалол ишлашимиз мумкин. Ва у ҳеч қандай протекционистик чораларсиз савдони либераллаштириш учун қўшимча имконият яратади, бизга янги саноат ва муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш имкониятини беради», — дея таъкидлади у.

Маслаҳатчи ўринбосари иккинчи «қарама-қаршилик» сифатида ташқи савдодаги йирик дефицитни қайд этди.

«Ўтган йили мазкур дефицит 8 млрд сўмдан ошиб кетди. Бир дақиқа, бу умумий ташқи савдо ҳажми 42 млрд долларни ташкил қиладиган Ўзбекистон учун кичкина рақам эмас. Тўлов баланси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, умуман чет ел капитали ва меҳнат муҳожирлари даромадларининг тезлаштирилган оқими билан қопланади. У ёпилмоқда — бизда барқарор тўлов баланси мавжуд, бироқ, шунга қарамай, бу рақам ўзига эътиборни тортади», — дея таъкидлади у.

Президент Администрацияси вакиласи савдо дефицити муаммосини ҳал қилиш керак деб ҳисоблайди, чунки «биз молиявий ресурсларнинг кирувчи оқимлари мувозанатини таъминлашимиз керак». Бунинг учун эса у «иложи борича тезроқ хом ашёни экспорт қилишдан тайёр маҳсулотни экспорт қилишга ўтишни» таклиф қилмоқда.

Пахта хом ашёсини қайта ишловчи пахта-кластерларидан ташқари, Ўзбекистон бугунги кунга келиб, мис кластери, шунингдек, газ хом ашёси ва бошқа турдаги хом ашёни чуқур қайта ишлайдиган олтита кимёвий кластерни ташкил этмоқда.

«Биз ушбу базада жуда жиддий юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини яратамиз, устига-устак улар очиқ платформада бўлади. Очиқ платформа нимани англатади? Биз ҳар қандай инвесторни таклиф қиламиз, хоҳ у маҳаллий, хоҳ хорижий бўлсин, уларга ўз технологиялари, «ноу-хау"ларини олиб кириши учун шароитларни яратиб берамиз, жой берамиз, инфратузилма қилиб берамиз. Лекин, улар шу ерда биз билан бирга хом ашёларимизни қайта ишлаши, шунга мос равишда иш ўринлари яратиши керак», — деди у.

Ҳозир Ўзбекистон «тайёр маҳсулотга мос келадиган маҳсулотларни қайта ишлаш босқичларидаги» юқори технологияли тармоқларга хорижий инвесторларнинг кириб келишини рағбатлантирмоқда, деди Галина Саидова.

Унинг фикрича, «Ўзбекистон бугунги кунда, айниқса, сўнгги пайтларда жуда оғир ҳис қилаётган ва мавжуд бўлган» навбатдаги хатар бу — логистика.

«Биз учун булар жиддий хатарлардир. Агар сиз харитага қарасангиз, Ўзбекистон қаерда жойлашганини кўрасиз. Очиқчасига айтамиз, бугунги вазият шароитида бизнинг логистика имкониятларимиз ёмонлашди. Ҳозир маълум ҳудудларни айланиб ўтишимизга тўғри келмоқда. Юмшоқроқ қилиб айтганда, бу бизга ёқмаяпти. Қўполроқ қилиб айтганда, бу бугунги ҳолатимизни ҳисобга олсак, ҳеч вақо эмас», — деди у.

Президент маслаҳатчиси ўринбосарининг таъкидлашича, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишни осонлаштирадиган муқобил транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича жуда кўп ишлар қилиниши керак.

«Табиийки, яқин атрофдагилар билан савдони ривожлантириш [керак]. Кимга транспорт билан етиб олиш осонроқ бўлса. Харитага қарайдиган бўлса, мен уларни сизга айтишимга ҳам ҳожат қолмайди. Яқин атрофимизда катта салоҳиятли, катта ҳажмли бозори ва кўп аҳолиси бор бўлган йирик давлатлар мавжуд. Баъзи мамлакатларга етиб бориш қийин, бироқ, бу бизнинг челленж, бу бизнинг чақирув, бу бизнинг вазифамиз. Биз у ерга етиб боришимиз керак, бунинг учун эса маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини оширишимиз керак», — деди у.

Галина Саидованинг сўзларига кўра, тўртинчи хавф-бу ақлли ва мувозанатли сиёсатни амалга ошириш зарурати. Гап глобал ва минтақавий интеграция жараёни ҳақида кетмоқда.

«Агар буни харфларда айтсак — бу ЖСТ, бу ЕОИИ. Яъни, биз ҳам у, ҳам бу йўналишда иш олиб бораяпмиз. Биз ижобий, салбий, қийинчилик ва зарурат томонларини ҳар иккаласида ҳам кўраяпмиз. Тегишли органлар маҳорат билан тегишлича ишларни амалга ошириши керак. Ҳам глобал интеграция, ҳам минтақавий интеграция жуда яхши амалга оширилиши учун. Агар биз етарли даражада оддий бўлмаган мазкур тўртта блокдаги муаммони ҳал қила олсак, ташқи савдо фаолиятини либераллаштиришнинг кейинги босқичи ва маҳсулотимизнинг рақобатбардошлигини оширишда кейинги поғона ҳақида гапиришимиз мумкин», — деди у.

2020 йилнинг охирида Галина Саидова француз молиявий газетаси La Tribune учун берган мақоласида совет иттифоқи давридан мерос бўлиб қолган Ўзбекистоннинг олдинги иқтисодий модели турғунликка олиб келганини қайд этганди.