Cotton Campaign халқаро коалицияси ўзбек пахтасига бойкот тугатилганини эълон қилди, дея хабар берди Бандлик ва меҳнат вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Мазкур қарор «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми» томонидан 2021 йилда пахта теримида ўтказилган мустақил мониторинг натижаларига асосан қабул қилинган. Ҳисоботда ҳукумат томонидан ташкил қилинадиган мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани қайд этилган.

2009 йилда Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган эди. Ўшандан бери 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart кабилар ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олган.

«Сўнгги 12 йил давомида юзлаб компанияларни ўзбек пахтасидан воз кечишга ундаганимиздан сўнг, биз Ўзбекистон пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини бекор қилиш вақти келганини эълон қилишдан мамнунмиз, — деди Responsible Sourcing Network бош директори ва Cotton Campaign асосчиларидан бири Патрисия Юревич. — Энди компаниялар ўзлари меҳнат ҳуқуқларига амал қилинишини баҳолашлари ва Ўзбекистондан пахта сотиб олиш бўйича қарор қабул қилишлари керак».

«Ўзбек форуми» ҳисоботида қайд этилишича, пахта терими мавсуми тизимли мажбурий меҳнатсиз ўтказилган бўлса-да, кузатувчилар маҳаллий ҳокимият томонидан мажбурлаш ва аралашиш ҳолатлари, шунингдек, айрим мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлашган. Бундан ташқари, далаларда мониторинг қилиш ва салоҳиятни ошириш билан шуғулланадиган мустақил гуруҳларда рўйхатдан ўтиш, эркин фаолият юритишнинг чегаралангани ривожланишга тўсиқ бўлмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон янги замонавий жиҳозлар билан таъминланган корхоналар орқали, маҳсулот ишлаб чиқариш занжирида шаффофлик ва кузатувни таклиф қилувчи пахта-тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш учун жозибадор мамлакатга айланиш салоҳиятига эга.

Cotton Campaign Ўзбекистондан маҳсулот сотиб олишда манфаатдор бўлган барча брендларни ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида, жумладан пахта фермалари, тўқимачилик фабрикалари ва ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш учун синчковлик билан текширишга чақирди. Шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мониторинг қилиш, шикоятлар йўллаш ва қоидабузарликларни бартараф этиш учун ишончли ва мустақил механизмлар мавжудлигини таъминлаш зарур ҳисобланади.

«Биз Президент Мирзиёевнинг давлат томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва Ўзбекистон пахта секторини ислоҳ қилиш учун зарур бўлган тарихий ислоҳотлар ташаббуси ва амалга оширишдаги раҳбариятини юқори баҳолаймиз, — деди Cotton Campaign асосчиларидан бири, АҚШ давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича ёрдамчиси собиқ ўринбосари Беннет Фриман. — Энди биз Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти учун майдон очишга ва глобал брендларни жалб қиладиган ҳамда меҳнат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган масъулиятли масъулиятли етказиб берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур бўлган қулай муҳитни яратишга чақирамиз».

Cotton Campaign инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва ритейлерлар, масъулиятли инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорларнинг глобал коалициясидир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилган эди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий, тахминан бир фоизи эса бевосита ёки билвосита мажбурлаш орқали ушбу жараёнга жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.