ИИВ Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида итларни оммавий тутиш ва уларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш, жумладан, уларнинг ўлдирилаётгани ҳақидаги хабарларни ўрганишни бошлади. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

«Вазиятга ҳуқуқий баҳо берилиб, жамоатчиликка эълон қилинади», — деди у.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео ва аудио ёзувлардан маълум бўлишича, дайди итлар билан бирга уй итлари ҳам ушлаб олиб кетилган, уларнинг баъзилари майиб қилинган ва ўлдирилган, шу жумладан бўғиш орқали нобуд қилинган. «Газета.uz» итларнинг танаси тахминан ўювчи металл буюмлар билан тешилгани акс этган фотосуратларни ҳам кўрди.

Видеоларда ҳайвонларни ушлаш хизмати дарвозалари ёнида одамларни ҳам кўриш мумкин. Улар ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликни тугатишни талаб қилишмоқда. Ички ишлар идоралари ходимлари аёлларнинг ғазаби шундай жавоб берди: «Улар шундай ишлайди… булар дайди итлар. Уй итлари эмас. Улар қафасда бўлишлари керак».

«Ҳаёт» итлар бошпанаси асосчиси Ирода Маткаримованинг «Газета.uz»га хабар беришича, итларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун уларни олиб кета бошлаган. Унинг сўзларига кўра, итларни ушлаш хизмати ҳайвонлар уч кун давомида ушланишини ва биринчи куни 300 га яқин ҳайвон қўлга олинганини маълум қилган. Итлар орасида кўплаб кучук болалари ҳам бор.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, туманда бир аёл уни ит тишлаганидан кейин вафот етган. Шундан сўнг, вилоятнинг бошқа туманларидаги ҳайвонларни ушлаш хизмати транспорт воситалари ва ходимлари итларни ушлаш учун Оҳангаронга жўнатилган.

Хабарларга кўра, ҳатто уй итлари — ҳовлидаги уйчаларидан ҳам олиб кетилмоқда. Тегишли ҳужжатлар йўқлиги сабабли уларнинг эгалари итларни қайтариб ололмаяпти.

«Бошпана итларни қабул қилишга тайёр. Кўнгиллиларимиз ҳозир уларни олиб кетишмоқда», — деди Ирода Маткаримова жума куни соат 22:00 да. Унинг таъкидлашича, бошпана ёрдамга муҳтож (бошпана канали).

«Мен дайди итлар хавфли эканлигини тушунаман, аммо ҳайвонларга муносабатда бўлишнинг инсоний усуллари ҳам борку», — деди у.

Бошпанада 4000 дан кўпроқ итлар бор. «Ҳаммаси эмланган, ҳужжатлари бор. Ҳар бир туманда бундай бошпаналарни яратиш ва кўнгиллиларни жалб қилиш мумкин. Шунда ҳайвонларни овловчилар ҳам бошпаналар билан ишлар эди», — дейди Ирода Маткаримова.

«Барча итлар ва мушукларнинг маълумотлар базасини яратишга тайёр кўнгиллилар бор. Аммо давлат идораларининг бунга муносабат билдирмаяпти», — дея қўшимча қилди у.

Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Туляганов ҳам милиция ходимлари ҳузурида «бир гуруҳ фуқаролар ҳайвонларга нисбатан қўпол муомала қилгани» ҳақидаги хабарлар бошқармага келиб тушгани ва вазият назоратга олинганини маълум қилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик, жумладан, оммавий зўравонлик тез-тез учраб туради. 2019 йилда «Газета.uz» Самарқандда итлар ва мушуклар оммавий заҳарлангани ҳақида репортаж тайёрлаганди. 2018 йилда Жиззах вилоятининг Пахтакор шаҳрида узоқ йиллар давомида жониворларнинг қирғин қилингани ҳақида хабар бергандик. Бундан ташқари, пойтахтдаги ҳайвнларни қўлга олиш хизмати ҳолати ҳақида ҳам ёзгандик.

Маълумот учун, Жиноят кодексида ҳайвонларни қийнаганлар 12,2 млн сўм жаримага тортилиши ёки 6 ойгача муддатга қамалиши белгиланган.