Ўзбекистон президенти 25 август куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунни имзолади.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, қонун билан Жиноят кодексига янги 202−1-модда (Ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш) киритилди.

Янги моддага кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — 12 млн 250 минг сўм жаримадан 6 ойгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо чоралари (БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш) қўлланилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, май охирида Олий Мажлис Сенати Жиноят кодексига ҳайвонларга шафқатсиз муносабат ҳақидаги моддани киритишни маъқуллаган эди.

Шунингдек, Сенат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасининг (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) янги таҳририни ҳам маъқуллаган эди.

Унга кўра ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, — БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, -БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади".

Шу вақтга қадар ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаганлик учун БҲМнинг 1 дан 3 бараваригача жарима солинишига олиб келар эди. Худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран ёхуд вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилса, — БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилар эди.