Давлат экология қўмитаси Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарчасида жойлашган корхоналарнинг табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши устидан ўрганиш олиб борди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганишга Ихтисослаштирилган таҳлилий назорат марказининг мобиль лабораторияси жалб қилиниб, ҳудуддаги атмосфера ҳавосидан намуналар олиниб, таҳлил ишлари амалга оширилган. Унга кўра, аммиак моддаси 4 та нуқтада — 1,5 дан 23,6 мартагача ҳамда водород сулфиди моддаси 2 та нуқтада — 3,2 дан 4,6 мартагача белгиланган меъёрлардан ортиқлиги аниқланган.

Ҳозирда меъёрдан ортиқ чиққан моддаларни ажратиб чиқарувчи корхоналарни аниқлаш, уларда ушбу моддаларни камайтириш чораларини кўриш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Ўрганиш якунида цемент ишлаб чиқарувчи «Модерна цемент индастуриес» МЧЖ ҚК ҳамда гипс ишлаб чиқарувчи «Цемент хом ашё савдо» МЧЖларида мавжуд чанг-газ тозалаш ускуналари носозлиги туфайли иш фаолияти вақтинча тўхтатилган.