Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган умуммиллий дастур доирасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги комиссиясини тузиш ва «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» ҳудудий дастурини ишлаб чиқиш ишлари бошлаб юборилди.

«Газета.uz»га пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги рақамли ривожланиш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Алексей Хеннинг хабар беришича, комиссия тузиш ва дастурни ишлаб чиқишдан мақсад — йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси билан боғлиқ масалаларни коллегиал ҳал этишдан иборат. Ҳозир турли масалалар турли хил идоралар томонидан ҳал қилинади, бу ҳар доим ҳам самарали эмас ва тезкор қарор қабул қилишга ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Ишни самарали ташкил этиш ва шаҳар аҳолисининг фикрини инобатга олиш учун комиссия таркибига ҳам масъул идоралар, ҳам жамоатчилик вакилларини қўшиш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида комиссия тузилиши олдидан ўтказилган муҳокамаларда пойтахт ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, шаҳар Транспорт бошқармаси раҳбарлари, ҳокимият, Транспорт вазирлиги ва ҳокимият ҳузуридаги Жамоат кенгаши вакиллари иштирок этди. Муҳокамаларни кузатиш мақсадида «Газета.uz» вакили ҳам таклиф этилди.

Шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги дастури Швециянинг Vision Zero концепцияси ёки «ноль ўлим концепцияси»га асосланади, у эса йўл транспорт ҳодисалари содир бўлиши имкониятларини минималлаштириш, умуман йўллларда жароҳатланиш ва ўлим ҳолатини нолгача камайтириш учун шарт-шароит ҳамда йўл инфратузилмасини яратишни ўз ичига олади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилдаёқ шаҳарлар йўлларида устуворлик пиёдаларга берилиши кераклигини таъкидлаганди. Кейинчалик, имкон қадар муҳимлиги бўйича жамоат транспорти ва велосипедлар ҳаракатига, шундан кейингина — шахсий транспортга эътибор қаратиш лозим.

«Газета.uz» бир неча маротаба ёзганидек, шунга қарамасдан, мамлакатнинг бошқа шаҳарлари каби Тошкентда ҳам амалий ишлар енгил автомобиль ҳайдовчиларига қулайликлар яратиш йўлида ривожланишда давом этмоқда.

Комиссия ЙТҲлар сабабларини ўрганиши, инфратузилма камчиликларини таҳлил қилиши ва шунга мувофиқ, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаши кутилмоқда.

Москванинг муваффақиятли тажрибасидан келиб чиқиб, шаҳар ҳокимияти қошида Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини тузиш режалаштирилмоқда. Марказ мазкур соҳадаги барча масалаларга жавобгар ягона орган бўлади. Бундан ташқари, йўл транспорт инфратузилмасининг барча объектлари, жумладан светофорлар, йўл белгилари, йўл чизиқлари, ерости ва ерусти ўтиш йўллари, йўл ўтказгичлар, тоннеллар ва бошқаларни ўз балансида сақловчи ягона ташкилот бўлиши лозим.

Шу йилнинг ўзида ЙТҲлар тўғрисида статистик ва бошқа маълумотларни (шу жумладан, уларнинг ўчоқлари, геоманзили) «Рақамли Тошкент» дастурига интеграция қилиш ҳисобига авариялар, уларнинг концентрацияси ва уларни олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш зарур.

Жаҳон тажрибаси асосида ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ҳамда зарур бўлган жойларда автомобиль трафиги босимини камайтириш мақсадида халқаро эътироф этилган усулларни жорий этиш учун шаҳар кўчалари ва йўлларни қуриш бўйича давлат стандартлари қайта кўриб чиқилади.

Шу каби усулларга ҳаракат чизиқлари кенглиги, уларнинг сони, муайян ҳудудда ҳаракат тезлигини ҳисобга олиб, қатнов қисми кенглигини қисқартириш киради. Қолаверса, пиёдалар ўтиш жойлари орасидаги масофага бўлган талаблар, чорраҳалар радиусларининг торайиши ва уларда «кўришлар учбурчакларини» таъминлаш, бироз кўтарилган ўтиш йўлларини қуриш, хавфсизлик оролчалари, шикан (йўлнинг сунъий эгрилиги), катта бўлмаган ва бошқа чорраҳаларда айланма ҳаракатни йўлга қўйиш ҳам шулар жумласидан.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ички кўчалар, маҳаллалар, мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа таълим муассасалари яқинида транспортларга рухсат этилган ҳаракат тезлиги 30 км/соатгача, шаҳарнинг бошқа қисмларида эса 50−60 км/соатгача камайтирилади.

Дастурга киритилиши режалаштирилган пиёдалар хавфсизлигини ошириш бўйича муҳим таклифлар сирасига ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш йўлларини такрорлаш ва пиёдалар ўтиш жойларида одамларнинг кўринувчанлигини ошириш учун махсус ёритиш мосламаларидан фойдаланиш кабилар киради. Юқорида санаб ўтилган барча таклифлар жамоатчилик билан муҳокама қилиниши шарт.

Жамоат транспортининг мунтазамлиги ва тезлиги муаммосини ҳал қилиш учун махсус йўл бўлаклари ташкил этилади, келгусида уларда балки шошилинч вазиятларда махсус хизматларнинг автомобиллари ҳам ҳаракатланиши мумкин бўлади. Пойтахтнинг марказий туманлари кўчалари бўйлаб пуллик автотураргоҳларни барпо этиш режалаштирилмоқда, шунингдек, бепул тўхташ жойларини ташкил этиш ҳам кўриб чиқилади. Ижтимоий аҳамиятга эга объектлар яқинида пиёдалар хавфсизлигини оширишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда жамоат транспортидан фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши керак.

Бундан ташқари, кенг, қулай, барқарор ва ишончли транспортда кўплаб йўловчиларни ташиш йўли билан кўчалардаги тирбандликни ҳал қиладиган замонавий енгил рельсли транспортларни ташкил этиш масаласи алоҳида кўриб чиқилади. Яқинда давлат раҳбари трамвайни Тошкентга қайтарилишини маълум қилганди. Мутахассислар у ҳозирги ҳолатдаги трамвай эмас, балки бутун дунёда фаол ривожланаётган замонавий электротранспорт бўлиши керак деган фикрга қўшилишди.

Лондон, Берлин ва Москва шаҳарларида кўзи ожиз ва хира кўрадиган шахсларнинг яшаш жойлари, таълим ва иш жойларида ҳаракатланиши учун хавфсиз шароит яратиш ва светофорнинг белгилари ҳақида огоҳлантирувчи товушли ускуналарни ўрнатиш кўзда тутилган.

Реал вақт режимида транспорт воситалари оқимларини кузатиш ва бошқариш учун шаҳарда светофорлар ва кузатув камераларини бирлаштирадиган интеллектуал транспорт тизими (ИТТ) жорий этилади. У шу жумладан, жамоат транспорти ва шошилинч ҳолатларда махсус хизматларнинг устувор ҳаракатланиши учун имкон яратиб беради.

Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда махсус қурилмаларни йўл инфратузилмаси (шу жумладан, белгилар ва йўл чизиқлари) объектларининг ҳолатини доимий мониторинг қилиш ва йўл қопламасининг шикастланишини аниқлаш мақсадида жорий этиш режалаштирилган.

Барча ЙПХ автомобиллари қоида бузиш ҳолатларини автоматик равишда аниқловчи ва ЙТҲларни геолокацияси билан бирга рўйхатга олиш учун камералар ва қурилмалар билан жиҳозланиши керак.

Шунингдек, шаҳарда юк ташувчи машиналар учун ҳаракатланиш вақти ва йўналишлари бўйича чекловларни, қолаверса, уларнинг онлайн мониторингини юритиш ва ташиб кетаётган юк оғирлигини назорат қилиш кутилмоқда.

ЙТҲларни олдини олиш масалалари бўйича аҳолининг мурожаатларини янада самарали кузатиб бориш ва улар билан ишлаш учун «Халқ назорати» шаҳар жамоатчилик назорати платформаси имкониятларидан ҳам фойдаланиш кўриб чиқилмоқда.