Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев 17 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида суд қарорисиз ижтимоий тармоқларни блоклаш бўйича саволларга жавоб берди (видео).

Журналистлар, агар хизматга Ўзбекистондан кириш мавжуд бўлмаса, Сенат раиси Танзила Нарбаевов номидан твитлар қандай чоп этилишини сўрашди. Парламент юқори палатаси раҳбаридан ташқари, Twitter ижтимоий тармоғида президент матбуот хизмати, мамлакат ҳукумати ва бошқа кўплаб давлат идоралари ҳам хабарлар эълон қилади.

Фарҳод Боқиев апрель ойида кучга кирган «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришларни маъқуллаган Сенат танқидини тилга олди. Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлаш жараёнида тизимлаштириш ва сақлаш жисман Ўзбекистонда жойлашган техник воситаларда амалга оширилиши керак.

«Мен бир вазиятга алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Агар қонунга диққат билан қарасангиз, „Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашнинг алоҳида шартлари“ [қўшилган] 27−1-моддада блокировка қилиш ҳақида гап йўқ», — деди у.

Сенат раҳбари Twitter орқали хабарлар жойлаштиришда қандай VPN хизматидан фойдаланиши ҳақида сўралганда, сенатор бу борада аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди.

«Хорижий ҳамкорлар, хорижий делегациялар, хорижий парламентлар билан боғлиқ иш жараёнлари мавжуд», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузгани учун Twitter, TikTok, «ВКонтакте», WeChat ва Skype мессенжерига киришни чеклаган эди. Ноябрь ойи бошида Telegram, Facebook, «Одноклассники», YouTube ва бошқа сайтлар ҳам қоидабузарлар реестрига киритилди. Бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди ва бир неча соатдан кейин кириш тикланди. «Ўзкомназорат» раҳбари лавозимидан озод этилди, бироз вақт ўтгач, АКТ вазирлиги раҳбари ва бош вазирнинг IT бўйича маслаҳатчиси ўз лавозимларини тарк этди. Бугунги кунга қадар TikTok, Twitter, «ВКонтакте», WeChat ва Skype`га кириш чекланганлигича қолмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 октябрь куни Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат 2022 йил 30 январдан кучга киради.