Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси 17 март куни соат 10:00 да ўз ишини бошлайди.Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ялпи мажлисни 17−18 март кунлари видеоконференцалоқа шаклида ўтказиш режалаштирилган.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги, «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги, «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги қонунларни кўриб чиқадилар.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар муҳокама этилиши режалаштирилган.

сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитади.

Ялпи мажлисда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилиши ҳам режалаштирилган.

Сенаторлар томонидан қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқиш назарда тутилган.

Ялпи мажлис «Ўзбекистон» ва «Узрепорт» телеканалари, шунингдек, Сенатнинг www.senat.uz расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилади.