Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги макроиқтисодий кўрсаткичлари, жумладан, сўмнинг реал ва номинал алмашув курсига оид шарҳини эълон қилди.

Номинал алмашув курси — давлат валютасининг бошқа валютадаги қиймати ёки валютани айирбошлаш мумкин бўлган жорий курс. Реал самарали алмашув курси (REER) — асосий савдо-ҳамкор мамлакатлар валюталарига нисбатан номинал алмашув курсларини ҳам, тегишли мамлакатлардаги нархлар даражасининг нисбатини ҳам ҳисобга олувчи индексдир.

Сўмнинг реал алмашув курси

2018−2021 йилларда сўмнинг реал самарали алмашув курси асосий савдо-ҳамкорлар валюталарига нисбатан (2018 йил январга нисбатан) ўртача 31,5 фоизга мустаҳкамланди. Бу, ўз навбатида, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг асосий савдо ҳамкор давлатлар ишлаб чиқарувчилари билан рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Хусусан, 2018−2021 йилларда сўмнинг реал алмашув курси (2018 йил январга нисбатан) Россия рублига нисбатан 25,9 фоизга мустаҳкамланди. Натижада Россия билан савдо балансининг манфий сальдоси 2,4 мартага ошиб, 1,4 млрд доллардан 3,4 млрд долларгача етди. Шунингдек, деярли барча товар ва хизмат гуруҳларида импорт ҳажми кўпайиб борган бўлса, экспортда тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ўсиш тенденцияси кузатилиб, бошқа турдаги маҳсулотлар бўйича пасайиш кузатилган. Шу билан бирга, савдо балансининг манфий сальдоси юзага келишига энерготашувчилар экспортининг кескин тушиши ҳам сабаб бўлган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 2018 йилга нисбатан қарийб икки баравар ошди, бу кўрсаткич озиқ-овқат экспортидан қарийб 2 баробар кўпдир.

Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари — Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркия билан савдо баланси. Манба: Молия вазирлиги / Давлат статистика қўмитаси.

Шу билан бирга, 2018−2021 йилларда сўмнинг реал алмашув курси турк лирасига нисбатан 102,8 фоизга мустаҳкамланди. Шунга қарамай, Туркия билан соф экспорт хажми (экспортдан импорт айрилганда) -168 млн доллардан -8 млн долларгача қисқарди, яъни экспорт ва импорт қарийб тенглашди.

Бу асосан ранги металл маҳсулотлари (юқори инфляция шароитида талаб ортади) экспортининг 2018 йилдаги 554,4 млн доллардан 2021 йилда 908 млн долларга, тўқимачилик маҳсулотларнинг 2018 йилги 129,4 млн доллардан 2021 йилда 512,7 млн долларга етиши ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, импорт таркибида 2021 йилда 2018 йилга нисбатан барча товар ва хизмат гуруҳлари бўйича ўсиш кузатилган. Бу асосан реал алмашув курсининг турк лирасига нисбатан мустаҳкамланиши натижасида юзага келган.

Бундан ташқари, реал алмашув курси Қозоғистон тенгесига нисбатан 22,7 фоизга ва Хитой юанига нисбатан 9,3 фоизга мустаҳкамланган. Ушбу давлатлар билан ҳам 2018 йилга нисбатан ўзаро савдонинг манфий сальдоси (импорт экспортдан кўпроқ бўлганда) сезиларли даражада кўпайган.

Реал ва номинал алмашув курсининг динамикаси.

Реал самарали алмашув курси динамикаси (%).

2018 йил январга нисбатан сўмнинг номинал алмашув курси Россия рублига нисбатан 2,4 фоизга, Хитой юанига нисбатан — 25,3 фоизга қадрсизланган бўлса, Қозоғистон тенгисига нисбатан — 0,6 фоизга ва Туркия лирасига нисбатан — 168,1 фоизга мустаҳкамланган. Ушбу давлатлар билан ташқи савдо айланмаси бўйича ҳисобланган REER — 131,5 фоизни ва экспорт бўйича ҳисобланган REER эса — 137,3 фоизни ташкил этди. Бунга асосан Ўзбекистон ва савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатлардаги нархлар ўсиши орасидаги фарқ номинал алмашув курсининг қадрсизданиш даражсига нисбатан юқорилиги сабаб бўлади.

Ўтган давр мобайнида Россия, Хитой ва Қозоғистонда инфляция даражаси Ўзбекистондаги инфляция даражасига нисбатан сезиларли равишда секин ўсган. Туркияда эса инфляция даражаси Ўзбекистондаги инфляция даражасидан 50,5 фоизга юқори бўлган. Бироқ лирага нисбатан номинал алмашув курсининг қарийб 2,7 марта мустаҳкамланиши, ўз навбатида, реал алмашув курсининг икки баробардан кўпроқ мустаҳкамланишига сабаб бўлган.

2018 йил январидан бери инфляция кўрсаткичлари.

Савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатмоқда

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши сўмнинг ушбу валюталарга нисбатан реал курсини мустаҳкамлаётгани ҳақида хабар берганди. Ушбу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини пасайтириб, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига таъсир этаётгани айтилганди.

Биринчидан, юқорида қайд этилган валюталарнинг кескин девальвацияси ташқи бозорларда маҳаллий экспортчилар маҳсулотларини қимматлашувига олиб келиб, уларнинг валюта тушумларини қисқартирди.

Иккинчидан, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар нархларининг чет элда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархларига нисбатан рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, четдан импорт қилишни рағбатлантирган ҳолда, хорижий валютага қўшимча талабни келтириб чиқармоқда.

Учинчидан, жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган халқаро пул ўтказмаларининг асосий қисми тўғри келадиган давлатлар валюталарининг қадрсизланиши, ушбу давлатлардан мамлакатимизга юбориладиган пул ўтказмалари ҳажмининг камайишига олиб келди.

Ҳисоб-китобларга кўра, савдо-ҳамкор давлатлар валюталари курсларининг сезиларли ўзгариши миллий валюта курсида бир ойдан уч ойгача бўлган вақт оралиғида ўз аксини топади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистоннинг Россия ва Қозоғистон билан савдо-иқтисодий муносабатлари қандай йўлга қўйилгани, турк лираси девальвациясининг сўмга эҳтимолий таъсири ҳақида ёзган эди.