Қозоғистонда 2 январь куни суюлтирилган газ нархининг кескин оширилганлиги сабаб бошланган норозилик намойишлари бир неча кун ичида оммавий тартибсизликларга айланиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев амалдаги ҳукуматни истеъфога чиқарди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Давлат раҳбари ёрдам сўраб Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилди ва аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади ва бу мамлакатдаги инқироз Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилиши мумкин. «Газета.uz» Қозоғистон иқтисодиёти ва икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар қандай тузилганини ўрганиб чиқди.


Қозоғистон президентининг қароргоҳи (Оқўрда) кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда. Фото: Турар Казангапов / Tengrinews.kz.

Қозоғистон иқтисодиёти

Ҳудудий жиҳатдан Қозоғистонни Ғарбий Европа билан тенглаштириш мумкин, шунга қарамасдан Қозоғистон дунёда аҳоли зичлиги энг паст бўлган мамлакатлардан биридир. Жаҳон банкига кўра, Қозоғистон Каспий денгизи орқали автомобиль, темир йўл ва денгиз алоқаларини таъминлаган ҳолда, стратегик жиҳатдан Хитой ва Жанубий Осиёнинг йирик ва тез ривожланаётган бозорлари билан Россия ва Ғарбий Европа бозорларини боғловчи кўприк ҳисобланади.

Қозоғистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери ўтган даврда муҳим иқтисодий кўрсаткичларга эришди, дея қайд этади Жаҳон банки. Таркибий ислоҳотлар, кўп сонли углеводород ресурсларидан фойдаланиш, кучли ички талаб ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига эришилган жадал ўсиш мамлакатда камбағалликни қисқартиришга ва даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига киришга ёрдам берди (Ўзбекистон 2030 йилгача шундай мамлакатлар қаторига киришни режалаштирмоқда).

«Сўнгги ўн йилликда Қозоғистон иқтисодий сиёсатда муҳим қадамлар қўйди ва аниқ қонун-қоидалар билан бошқарилувчи солиқ-бюджет тизимини жорий этиш орқали хомашё секторидан келадиган йирик даромадларни тақсимлашга масъулият билан ёндашди», — дея қайд этади Жаҳон банки. Бироқ, 2019 йилда углеводород ишлаб чиқариш ЯИМнинг 21 фоизини (2020 йилда — 17,2 фоиз) ва экспортнинг қарийб 70 фоизини ташкил қилар экан, нефть захираси бўйича дунёда 9-ўринни эгаллаб турган мамлакат учун ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш муаммолигича қолмоқда.

Коронавирус пандемияси ва экспорт ҳажмининг кескин камайиши Қозоғистон иқтисодиётига жиддий путур етказди. 2020 йилда ЯИМ ҳажми йигирма йил ичида биринчи марта қисқариб, 2,6 фоизга пасайиш кузатилди, 2021 йилда 3,6−3,9 фоизга ўсиши, 2022 йилда эса 4−4,3 фоизгача тезлашиши кутилаётган эди.

Пандемия сабаб жорий қилинган ҳаракатланиш чекловлари истеъмол талаби ва инвестициялар ҳажмининг қисқаришига олиб келди. Инфляция ўсиши (2021 йил ноябрь ҳолатига йиллик инфляция кўрсаткичи — 8,7%, 2020 йилда — 6%) озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши ва тенгенинг қадрсизланиши билан изоҳланади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, пандемия чекловларининг бандлик ва даромадлар даражасига салбий таъсир кўрсатиши натижасида, 2020 йилда мамлакатда қашшоқлик даражаси 14 фоизгача ошган (мамлакат Меҳнат вазирлиги бу кўрсаткични 5,3 фоиз деб баҳоламоқда).


Фото: Турар Казангапов / Tengrinews.kz.

2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистоннинг ташқи савдо айланмаси 14,1 фоизга ўсиб, 82,2 млрд долларни ташкил қилди. Хусусан, экспорт кўрсаткичи 23,5 фоизга ошди ва 49,1 млрд долларни ташкил этди. Шу билан бирга, қайта ишланган маҳсулотлар экспорти 24,4 фоизга ёки 15,5 млрд долларгача кўпайди. Товарлар импорти эса 33,1 млрд долларгача қисқарди.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари ҳолатига кўра, Қозоғистоннинг асосий экспорт товарлари рўйхатидан нефть хомашёси (18,7 млрд доллар), мис ва катодлар (2 млрд), табиий газ (1,9 млрд), уран (1,3 млрд), ферроқотишмалар (1,3 млрд), рудалар ва мис концентратлари (1,12 млн), буғдой (730,7 млн), рудалар ва қимматбаҳо металлар концентратлари (545,4 млн), нефть маҳсулотлари (464,3 млн), рудалар ва темир концентратлари (452,1 млн) ва бошқалар жой олган.

Бу даврда мамлакатга совутиш ускуналари (1,6 млрд доллар), насослар, компрессорлар ва вентиляторлар (1,1 млрд), дори воситалари (829,2 млн), телефон аппаратлари (708,8 млн), қувур арматуралари (632,7 млн), суюқликлар ёки газлар учун фильтрлаш ускуналари ва қурилмалари (542 млн), енгил автомобиллар (495,9 млн), ҳисоблаш машиналари (412 млн) ва бошқалар импорт қилинган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон савдо-иқтисодий алоқалари

млрд доллар
Қозоғистон билан савдо алоқалари
2018
2019
2020
2021 йилнинг январь-ноябрь ойлари
Жами
2,9
3,3
3,0
3,5
Ўзбекистондан экспорт
1,3
1,4
0,9
1,0
Қозоғистондан импорт
1,6
1,9
2,1
2,5

«Газета.uz» Давлат статистика қўмитасига Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо алоқаларига оид маълумотларни сўраб мурожаат қилди. Қўмитанинг маълум қилишича, 2020 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 млрд долларни, 2021 йилнинг 11 ойида эса 3,53 млрд долларни ташкил қилган.

Қозоғистон — Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Хитой (17,7 фоиз) ва Россиядан (17,4 фоиз) кейин 9,3 фоизлик улуш билан учинчи рақамли йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Ташқи савдо айланмасининг пассив балансига қарамай, бу мамлакат стратегик аҳамиятга эга товарлар етказиб берувчиси ва Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти учун энг йирик бозорлардан биридир.

Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси таркибида асосий ўринни қишлоқ хўжалиги хомашёси маҳсулотлари эгаллайди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон Қозоғистонга умумий қиймати 250,4 млн долларлик жами 625,1 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилган (бу мева-сабзавот экспортининг деярли 25 фоизи, экспорт географиясида Россиядан кейин иккинчи ўринда — 255,4 млн доллар). 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида эса 175 млн долларлик маҳсулот етказиб берилган.

Қозоғистон, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг асосий харидори ҳисобланади. 2020 йилда умумий қиймати 167,9 млн доллар (жами экспортнинг 80,4 фоизи), ўтган йилнинг 11 ойида эса 290 млн долларга (83,8 фоиз) тенг енгил автомобиллар экспорт қилинган. Ўзбекистон ҳам Қозоғистондан енгил автомобиллар сотиб олади — икки йилдан камроқ вақт ичида автомобиллар импорти ҳажми 196,9 млн долларни ташкил этган.

Ўзбекистонлик экспортёрлар ҳам қўшни давлатга ичимликлар (2020 йилда — 10,2 млн доллар, 2021 йил январь-ноябрда — 10,9 млн доллар), металл рудалари ва парчалари (27,4 млн/40 млн), бирламчи ва бирламчи бўлмаган шаклдаги пластмасса (43 млн / 44,3 млн), ўғитлар (15,8 млн / 23,5 млн), чўян ва пўлат (30,7 млн / 37,7 млн) тўқимачилик ип ва матолари (22,4 млн / 18,2 млн), кийим-кечак маҳсулотлари (21,5 млн / 30,5 млн), поябзал (9 млн / 7,8 млн) ва бошқалар етказиб беришади.

Ўз навбатида, Қозоғистон Ўзбекистонга дон ва ун етказиб берувчи асосий давлат ҳисобланади. Ўзбекистон Қозоғистондан 2020 йилда умумий қиймати 666,1 млн долларлик, 2021 йилнинг 11 ойида эса 664,7 млн долларлик дон ва дон маҳсулотлари (ун, ёрма) импорт қилган. Бу Ўзбекистонга ушбу маҳсулотлар импортининг қарийб 90 фоизини ташкил этади.

Нефть ва нефть маҳсулотлари (ёқилғи, мойлаш материаллари ва бошқалар) хусусида гап кетса, Ўзбекистонга импорт қиймати 2020 йилда 174,5 млн долларни (импортнинг 21,6 фоизи), 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида эса 206,5 млн долларни (22,3 фоиз) ташкил этган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон корхоналари Қозоғистондан 2020 йилда 174,5 млн долларлик (импортдаги улуши — 57,2 фоиз), 2021 йилда эса 206 млн долларлик (40,1 фоиз) металл рудалари (темир, мис, никел ва бошқалар) сотиб олган. Чўян ва пўлат импорти ҳажми мос равишда 293,6 млн доллар (20,6 фоиз) ва 434,1 млн долларни (23,9 фоиз) ташкил этган.

Қозоғистон, шунингдек, Ўзбекистонга тирик ҳайвонлар етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади. 2020 йилда тирик ҳайвонлар экспорти тақиқлангани сабаб ўзбекистонлик тадбиркорлар Қозоғистондан атиги 6,3 млн долларлик чорва молларини олиб киришга муваффақ бўлган бўлса, 2021 йилнинг 11 ойида бу кўрсаткич 70,1 млн долларга етди. Шу билан бирга, 30 ноябрдан бошлаб Қозоғистон яна олти ой муддатга қорамол экспортига тақиқ ўрнатди.

Бундан ташқари, қозоғистонлик фермерлар икки йилдан камроқ вақт мобайнида Ўзбекистонга 39,3 млн долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари экспорт қилди.

Қозоғистоннинг асосий экспорт маҳсулотлари қаторига, шунингдек, рангли металлар (83 млн / 116 млн доллар), кўмир, кокс ва брикет (80,5 млн / 49,7 млн), электр энергияси (17,7 млн / 16,2 млн), ўсимлик мойи (53,8 млн / 72,6 млн), ёғли ўсимликлар ва мевалар (35,7 млн / 41,6 млн), фармацевтика маҳсулотлари (2,3 млн / 19,5 млн), сут маҳсулотлари ва парранда тухумлари (4,1 млн / 4,1 млн доллар) ва бошқалар киради.

Мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларида баъзи чекловлар ҳам мавжуд. Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотининг расмий аъзоси ва ЕОИИ фаол иштирокчиси ҳисобланади. Ўзбекистон ҳали ЖСТга аъзо бўлиб кирмаган (музокаралар жараёни кетмоқда) ва ЕОИИда кузатувчи мақомига эга. Қозоғистон президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санъат Кушкумбаевнинг таъкидлашича, бу божхона тарифлари ва савдо қоидаларидаги фарқлар сабаб савдо-иқтисодий муносабатларни чеклайди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари декабр ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин беш йил ичида 10 млрд долларгача етказиш бўйича режаларини эълон қилган эди.

Қўшма лойиҳалар


Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев. Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи, 2021 йил декабрь. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон бир қатор йирик иқтисодий ва инвестицион лойиҳаларни амалга оширди. Уларнинг аксарияти инфратузилма лойиҳалари, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги соҳаларига тааллуқли лойиҳалар ҳисобланади. 2020 йил март ойида «СарыаркаАвтоПром» Қўстанай заводида Chevrolet автомобилларини йиғиш йўлга қўйилди. Туркистон ва Чимкентда замонавий тўқимачилик корхоналари очилди ва маиший техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг декабрь ойида Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида умумий қиймати 5,9 млрд долларлик шартномалар имзоланган эди. «Навоий» ЭИЗ ҳудудида насос ва электр ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда Қозоғистонда Chevrolet Nexia автомобилларини кичик тугун усулида саноат йиғилиши бўйича битимлар шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда 2024 йилда қуриб битказилиши режалаштирилган «Туркистон — Чимкент — Тошкент» тезюрар темир йўл магистрали қурилиши давом этмоқда.

Бундан ташқари, Қозоғистон ва Ўзбекистон 2025 йилдан «Қизилўрда — Учқудуқ» автомобил ва темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида келишиб олган. Қўшма чора-тадбирлар режаси имзоланган, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш учун иқтисодий таҳлил ўтказиш режалаштирилган.

Марказий Осиё Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури маълумотларига кўра (CAREC), Қозоғистон орқали ўтувчи транзит юкларни қабул қилувчи асосий давлатлар Марказий Осиё давлатлари ҳисобланади. Хусусан, 2018 йилда транзит юк ташиш умумий ҳажмининг 45 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.

2018 йилда асосий транзит оқимларини Ўзбекистондан Россияга кимёвий моддалар, Россиядан Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитойга нефть, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга қора металлар ташиш, Марказий Осиё мамлакатларига озиқ-овқат юклари ва шакар, Ўзбекистонга темир рудаси, шунингдек, Ўзбекистондан Украинага Қозоғистон ва Россия орқали ўғитлар ташиш ташкил этган.

Қозоғистондаги вазият Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкин


Фото: Tengrinews.kz.

Қозоғистондаги инқироз фонида нефть хомашёси нархи ошди, дея қайд этмоқда Reuters агентлиги. Брент маркали нефтнинг жаҳон бозоридаги фючерслари 6 январь куни 1,33 долларга ёки 1,7 фоизга ошиб, бир баррели учун 82,13 долларни ташкил қилган. АҚШнинг WTI маркали нефть фючерслари нархи 1,55 долларга ёки 2 фоизга ошиб, 79,4 долларни ташкил этган.

Қозоғистон ОПЕК+ алянси аъзоси бўлиб, Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, ноябрь ойида кунига тахминан 1,7 миллион баррел нефт ишлаб чиқарган, бу ўтган йилги кунлик глобал истеъмолнинг 2 фоиздан сал камроғини ташкил этади.

Қозоғистоннинг Тенгиз нефть конини бошқарадиган қўшма корхонанинг 50 фоизига эгалик қилувчи Chevron корпорацияси норозиликлардан сўнг заводда ишлаб чиқаришни қисқартирганини маълум қилди, дея ёзмоқда The Washington Post.

РБК`нинг ёзишича, 6 январь куни Қозоғистондаги инқироз ва мамлакатга КХШТ тинчликпарвар кучларининг киритила бошланиши фонида рубль курси бир доллар учун 77 рублгача тушиб кетди. Геосиёсий фоннинг ёмонлашуви Россия миллий валютасининг заифлашишига олиб келиши мумкин, бу эса ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга пул ўтказмаларига ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Қозоғистондаги сиёсий беқарорлик, шунингдек, уран котировкаларининг ошишига ҳам олиб келди, сабаби жаҳон миқёсида ишлаб чиқариладиган ураннинг 40 фоизи айнан шу давлат ҳиссасига тўғри келади. 5 январь куни Comex биржасида уран фючерсларининг нархи 9,26 фоизга ошиб, бир фунт учун 46 долларни ташкил қилди, дея хабар бермоқда РБК. Ўзбекистон уран қазиб олувчи давлатлар рейтингида бешинчи ўринни эгаллаб турибди ва нарх ошишидан ютқазмайди.

Қозоғистондан стратегик аҳамиятга эга бўлган товарлар импортидаги узилишлар, транзит йўлакларининг ёпилиши ҳамда қозоғистонлик истеъмолчилар ва корхоналарнинг импорт товарларга бўлган талабининг пасайиши эҳтимоли Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилиши мумкин.