14 март куни Қозоғистон Парламенти Мажлисининг ялпи мажлисида Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов мамлакатда январь ойида бўлиб ўтган тартибсизликлар тафсилоти ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Tengrinews.kz нашри хабар берди.

Бош прокурор сўзи аввалида кузатув камералар ва тартибсизликлар гувоҳлари томонидан суратга олинган лавҳалар асосида тайёрланган январь воқеаларига бағишланган видеони намойиш этилди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси давлат хиёнат қилиш, ҳокимиятни эгаллашга уриниш ва жуда катта миқдорда пора олиш бўйича 15 та жиноят иши юзасидан тергов олиб бормоқда.

Бош прокурор ўз нутқи давомида Қозоғистон МХҚнинг собиқ раиси Карим Масимовга нисбатан очилган жиноят иши январь воқеалари билан боғлиқлигини маълум қилди.

Унинг қўшимча қилишича, [митинглар вақтида] МХҚ департаментлари раҳбарлари ва полиция қурол-яроқлар билан бирга биноларни қолдириб кетганлиги бўйича ҳам далиллар бор. Берик Асилов шунингдек, қўлга олинганлар орасида Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазирининг ҳам борлигини қайд этди.

Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов. Фото: Видеодан лавҳа.

«Ҳурматли депутатлар, ўша [январь] воқеалар оқибатида мамлакатда 230 киши ҳалок бўлди, улар орасида 19 нафар ҳарбий ва хавфсизлик ходимлари бор. Уларнинг энг кўпи Олмаота шаҳрида — 139 киши вафот этди. Бугунги кунда [Олмаотадаги] маъмурият биноларига босқинчилик ҳамда қонун ва тартибни ўрнатиш жараёнида 56 нафар ҳужумчи йўқ қилинди. 53 нафар шахснинг вафотига нима сабаб бўлгани ўрганилмоқда, улар шаҳар ҳудудида турли жароҳатлар, шу жумладан, 48 нафари ўқотар қуролдан, 2 нафари пичоқдан, 3 нафари бошқа жароҳат ва куйиш жароҳатлари билан топилган» — дея таъкидлади Қозоғистон бош прокурори.

Бошқа 7 та туманда ҳокимиятлар, полиция ва МХҚ департаментлари биноларини қўриқлаш жараёнида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 63 нафар ҳужумчи йўқ қилинган. «Бугунги кунда биз 20 нафар фуқаро тасодифий отишмалар остида қолганини аниқ биламиз. Уларнинг 11 нафари Олмаота шаҳрида, 8 нафари Олмаота вилоятида ва яна бир нафари Тарас шаҳрида аниқланган», — деди Берик Асилов.

У, шунингдек, тартибсизликлар ташкилотчиларининг пировард мақсади ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш бўлганини таъкидлади. Қолаверса, куч ишлатар тузилмалар охиригача қуролдан фойдаланмагани айтилди.

Бош прокурор январь воқеаларида Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигига хавф солувчи ҳолатлар юзага келган.

Таъкидланишича, гумондорларнинг асосий қисмини 30 ёшгача бўлган шахслар, ишсиз ва олий маълумотга эга бўлмаганлар ташкил қилган.

Берик Асиловнинг сўзларига кўра, уларнинг орасида бузғунчи диний оқимларнинг 19 нафар тарафдори, тақиқланган экстремистик ташкилотларнинг 27 нафар фаоли, уюшган жиноий гуруҳларнинг 24 аъзоси ҳамда қотиллик, ўғрилик, талончилик ва қароқчилик билан судланган 113 нафар шахс бор.

Бош прокурор «Дикий Арман» ва унинг гуруҳида бўлган 14 нафар шахсни мисол тариқасида келтириб, шундай деди: «Бу каби инсонларнинг йўқотадиган нарсаси бўлмаган, улар дўконларни талон-торож қилишди, қароқчилик билан шуғулланишди, маъмурият биноларига ҳужум қилишди».

Умумий ҳисобда содир этилган жиноятларга алоқадорликда гумонланиб 22 мингдан ортиқ киши текширувдан ўтказилган.