Стратегик ривожланиш агентлиги раҳбари ўринбосари Алексей Сим «Иқтисодий шарҳ» нашрига берган интервьюсида 2021 йилда Ўзбекистонга энг кўп инвестиция киритган давлатлар бешлигини санаб ўтди.

Унинг маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётига 50 дан ортиқ давлат инвестиция киритмоқда. Асосий инвестор давлатлар бешлигига эса қуйидагилар киради:

  1. Хитой — 2,2 млрд доллар;
  2. Россия — 2,1 млрд доллар;
  3. Туркия — 1,18 млрд доллар;
  4. Германия — 800,7 млн доллар;
  5. Жанубий Корея — 137,4 млн доллар.

2021 йил якунига кўра, ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 11,1 млрд долларни ташкил этиб, йиллик прогнозга нисбатан 113 фоизга бажарилган. Шу жумладан, асосий капиталга киритилган инвестициялар 9,8 млрд долларга етган (2020 йил кўрсаткичларига нисбатан ўсиш суръати 110 фоиз).

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТТХИ) ва кредитлар 9 млрд долларга ёки прогнозга нисбатан 117 фоизга, шу жумладан, асосий капиталга 2020 йилга нисбатан 124 фоизлик ўсиш билан 8,2 млрд доллар ўзлаштирилган.

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларининг ўзлаштирилиши 2,1 млрд доллар ёки йиллик прогнознинг 100 фоизини ташкил этган.

2021 йилда ТТХИ ва кредитлар ҳисобидан тармоқ корхоналари томонидан 3,8 млрд доллар ёки прогнозга нисбатан 103 фоизга, ҳудудий лойиҳалар бўйича эса 5,2 млрд доллар ёки прогнозга нисбатан 130 фоизга ўзлаштирилган.

Инвестицияларнинг асосий ҳажми энергетика сектори, металлургия, кимё саноати, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, IТ-технологиялар, қурилиш, фармацевтика, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга тўғри келган.

Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистонда 10 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 12 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинган.