Ўзбекистон 2021 йилда бир неча ой давомида Россияга газ экспортини тиклади. Давлат статистика қўмитасининг «Газета.uz»га тақдим этган маълумотлари шундан далолат бермоқда.

2020 йилда 300 долларга 2402 куб метр газ етказиб берилган бўлса, 2021 йилда 76,6 млн долларга 627,9 млн кубометр газ экспорт қилинган. Давлат статистика қўмитасидан аниқлик киритилишича, етказиб бериш фақат тўрт ой давомида — июлдан октябргача амалга оширилган.

2020 йил июль ойида Россияга газ экспорти тўлиқ тўхтатилгани ва коронавирус пандемияси таъсири туфайли унинг Хитойга етказиб берилиши уч баравар камайгани хабар қилинган эди.

2022 йилнинг январь ва февраль ойларида Ўзбекистон Россияга газ экспорт қилмади. Йил бошида Энергетика вазирлиги жорий йилда Россия бозорига табиий газ етказиб беришни режалаштирмаганини маълум қилган эди.

2018 йилда Ўзбекистон Россиянинг «Газпром» компаниясига 3,8 млрд куб метр газ етказиб берган бўлса, 2019 йилда етказиб бериш ҳажми 4,9 млрд куб метрга етди.

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон «Газпром»дан туркман газини сотиб олишни бошлади: ўша йили 0,9 млрд куб метр, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 1,5 млрд кубометр газ етказиб берилди.

2021 йилда Ўзбекистон газ экспортини 49,8 фоизга ошириб, 717,3 млн долларга етказди. Экспортнинг асосий қисми Хитой ҳиссасига тўғри келган.

2020 йилда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2025 йилгача газ экспортини тўхтатиб, уни мамлакат ичида тўлиқ қайта ишлаш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтишни маълум қилганди.