Ўзбекистон январь-октябрь ойларида Хитойга умумий қиймати 601,3 млн долларга тенг 2,6 млн тонна газ экспорт қилган. Бу ҳақда Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотига таяниб ТАСС агентлиги хабар бермоқда.

Бошқарма маълумотларига кўра, Туркманистон Хитойга қувур орқали газ етказиб берувчилар орасида етакчиликни сақлаб турибди. Ўн ойлик ҳисобот даврида мамлакат Хитойга умумий қиймати 5,4 млрд долларлик 19,8 млн тонна газ экспорт қилган. Январь-октябрь ҳолатига Россиянинг Хитойга қувур орқали газ етказиб бериш ҳажми йиллик ҳисобда қарийб 2,6 бараварга ошиб, 5,9 млн тоннадан зиёдни ташкил этган.

Қайд этилишича, ўн ой давомида Хитойнинг Россиядан ушбу турдаги энергия ташувчиси импортининг умумий қиймати икки баробардан зиёдга ўсган ва 1,1 млн долларни ташкил этган. Кейинги ўринни Қозоғистон (865 млн долларлик 3,73 млн тонна газ) ва Ўзбекистондан кейин Мьянма (1,2 мрд долларлик 2,5 млн тонна газ) эгаллаган.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда Хитой иқтисодиёти эҳтиёжлари учун қувур орқали газ импортининг қарийб 60 фоизи Туркманистон ҳиссасига тўғри келган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-октябрь ойларида Ўзбекистон умумий қиймати 596,8 млг долларга тенг газ экспорт қилган, бу эса Хитой божхона бошқармаси томонидан эълон қилинган кўрсаткич билан деярли бир хил. Бундан Ўзбекистон томонидан экспорт қилинадиган газ тўлиқ Хитойга етказилади деган хулоса қилиш мумкин.

Ўзбекистон Хитойга экспорт қилаётган 1 тонна гази учун ўртача 233,95 доллар олса, Туркманистон 271,85 доллар, Қозоғистон эса 231,9 доллар олади.