Ўзбекистон давлат қарзи учинчи чоракда 1,1 млрд долларга кўпайиб, 1 октябрь ҳолатига 25,3 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг давлат қарзининг жорий ҳолати ва динамикасига бағишланган ҳисоботида маълум қилинди.

Вазирлик маълумотига кўра, учинчи чорак якунига давлат қарзининг ЯИМга нисбати барқарорлашиш тенденциясини сақлаб қолган ва йил бошидаги 38,9 фоиздан 1 октябрь ҳолатига 38,4 фоизгача пасайган.

Вазирлик июль-сентябрь ойларида давлат қарзи қолдиғида кузатилган ўсишни «давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши», «инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши» ҳамда 356,4 млн доллар миқдоридаги давлат қарзининг сўндирилиши билан изоҳламоқда.

Бунинг натижасида, ҳисоб-китобларга кўра, учинчи чоракда давлат қарзи таркиби қуйидагича ўзгарган:

  • Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 897,6 млн долларга ошган;
  • давлат кафолати асосида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 42,2 млн долларга ошган;
  • давлат томонидан кафолатланган ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи 102,2 млн долларга ошган;
  • давлат қимматли қоғозларини (ДҚҚ) бўйича қарздорлик қолдиғи 789,2 млрд сўмга ошган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Жорий йил бошидан давлат қарзи ҳажман ўсиб бораётганлигига қарамай, унинг ЯИМга нисбати пасайиш тенденциясини намоён қилмоқда.

Вазирлик изоҳига кўра, бунга, асосан, «давлат қарзини хавфсиз даражада сақлаш» борасида амалга оширилаётган чоралар ва «ЯИМнинг реал ўсиш суръатлари ошиши» (яъни, ЯИМ ҳажмининг давлат қарзига нисбатан жадалроқ ўсиши) сабаб бўлган. Хусусан, июль-сентябрь ойида ЯИМнинг реал ўсиш суръати 6,9 фоизни ташкил этди, АҚШ долларидаги давлат қарзи қолдиғи эса 4,6 фоизга ошди.

Шунингдек, 2020 йилдан янги жалб қилинадиган қарз ҳажмига йиллик лимит белгилаш амалиёти қўллай бошланди. Қайд этилишича, 2022 йилда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзларининг чегараланган ҳажми 4,5 млрд доллар, Ўзбекистон номидан чиқариладиган ДҚҚлар чекланган соф ҳажми 6 трлн сўм миқдорида белгиланиши таклиф этилган.

Июль-сентябрь ойларида давлат ички қарзи қолдиғи иккинчи чоракка нисбатан 173,6 млн долларга ошганлиги кузатилиб, 2,6 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 4,0 фоиз) ташкил этган. Шундан ДҚҚ бўйича қарз қолдиғи — 4,0 трлн сўм ҳамда давлат кафолати остида жалб қилинган ва давлат бюджетидан қайтариладиган ички қарз қолдиғи — 2,2 млрд долларга тенг.

Давлат ташқи қарзи қолдиғи ҳам иккинчи чоракка нисбатан 939,8 млн долларга кўпайиб, 22,7 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 34,4 фоиз) ташкил этган. Шундан ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи — 16,3 млрд доллар, давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи — 6,4 млрд долларга тенг. Таъкидлаш жоизки, ташқи қарзнинг ўсиши асосан ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғидаги ўсиш ҳисобига юз берган, учинчи чорак якунига давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи деярли ўзгармаган.

Учинчи чорак якуни бўйича давлат ташқи қарзининг қарийб чорак қисми ёки 5,6 млрд доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 3,1 млрд доллар электр-энергетика соҳасига, 2,8 млрд доллар энергетика соҳасига, 2,6 млрд доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига йўналтирилган бўлиб, ҳисобот даврида ўтган иккинчи чоракка нисбатан айнан шу соҳаларга харажатлар ҳажми сезиларли ошган.

Давлат ташқи қарзи иқтисодиёт тармоқлари кесимида тақсимланиши (1 октябрь ҳолатига). Молия вазирлиги маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан тайёрланган.

«Ўзбекистон Республикасининг асосий кредиторлари Хитой эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурларни давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб этилган. Кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича харажатлар давлат корхоналари томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш натижасида тушган маблағлар ҳисобидан сўндирилади», — дейилади ҳисоботда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Вазирлик маълумотига кўра, тўққиз ой давомида давлат бюджети ва давлат корхоналари маблағлари ҳисобидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари 1,6 трлн долларни ташкил этди. Хусусан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 680 млн долларни ташкил этган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Ҳисоботда қайд этилишича, Fitch Ratings халқаро агентлиги Ўзбекистон давлат қарзи 2021−2023 йилларда ЯИМга нисбатан мос равишда 42 фоиз ва 44 фоизни ташкил этишини, 2023 йилда эса давлат қарзининг ЯИМга нисбати 59 фоизгача ўсишини прогноз қилмоқда.

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров сентябрь ойи ўртасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳукумат томонидан давлат қарзига ЯИМга нисбатан 60% даражасида чегара қўйилган бўлса-да, лекин асл мақсад — ушбу кўрсаткични 45−50% дан оширмаслик эканлигини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «бюджет тақчиллиги ўсганида давлат қарзи маълум даражагача кўтарилиши» мумкин, лекин 60 фоизлик чегарадан ошмайди.

Маълумот учун, биринчи ярим йилликда давлат қарзи (1 июль ҳолатига) жами 24,2 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 38,5 фоизни ташкил этган эди.

Аввалроқ Молия вазирлиги прогнозларига кўра, 2022 йил якунига давлат ташқи қарзи 30,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 41 фоизни ташкил этиши хабар қилинган эди. Бу ҳақда вазирлик 2022 йилги «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида маълумот берган.