2022 йил якунига умумий давлат қарзи 33,5 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 45,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда, дея маълум қилди Молия вазирлиги 2022 йилги «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида.

Лойиҳага мувофиқ, 2021 йилда умумий давлат қарзининг ЯИМга нисбати 41,5 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, умумий давлат қарзи қолдиғининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2021 йил бошида 38,9 фоизни, биринчи чорак якунлари бўйича 38,6 фоизни ва биринчи ярим йиллик якунлари бўйича 38,5 фоизни ташкил этган эди.

Манба: «Фуқаролар учун бюджет» 2022 лойиҳаси

Прогнозларга кўра, 2022 йил якунига давлат ташқи қарзи 30,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 41 фоизни ташкил этади. Шундан:

  • 23,5 млрд доллар — Ўзбекистон номидан жалб қилинган қарз маблағлари;
  • 6,9 млрд доллари — Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган қарз маблағлари.

2021 йил якунига кўра давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 37,6 фоизни ташкил этилиши прогноз қилинмоқда.

Манба: «Фуқаролар учун бюджет» 2022 лойиҳаси

Вазирлик давлатнинг умумий ташқи қарзи миқдоран ўсишига қарамай, «макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада» эканлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида 2020−2021 йилларда давлат қарзларини жалб қилишда айрим чекловлар ўрнатилган. Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати номидан ва Ўзбекистон кафолати остида жалб қилинган давлат қарзи ҳажмининг хавфсизлик чегараси ЯИМга нисбатан 60 фоиз этиб белгиланган. Шунингдек, 2022 йилда Ўзбекистон номидан ва Ўзбекистон кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича янгидан имзоланаётган шартномаларнинг ҳажми 4,5 млрд доллари ҳисобида прогноз қилинмоқда.

Прогнозлар 2022 йилда давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар 14 трлн 270 млрд сўмни ташкил этишини кўрсатган. Шундан:

  • давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш бўйича — 7,8 трлн сўм;
  • давлат ички қарзига хизмат кўрсатиш бўйича — 6,4 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Манба: «Фуқаролар учун бюджет» 2022 лойиҳаси

2022 йилда давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш бўйича жами харажатлар 1,9 млрд долларни ташкил этиб, шундан 0,7 млрд доллар — бюджет маблағлари ҳисобидан, 1,2 млрд доллар — қарз олувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Қайд этилишича, 2022 йилда кутилаётган бюджет тақчиллигининг (консолидацияланган бюджет тақчиллиги — 25,5 трлн сўм ва асосий қарз — 10,2 трлн сўм) 66 фоизи ташқи манбалар ҳисобидан қопланиши мўлжалланмоқда.

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров сентябрь ойи ўртасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳукумат томонидан давлат қарзига ЯИМга нисбатан 60% даражасида чегара қўйилган бўлса-да, лекин асл мақсад — ушбу кўрсаткични 45−50% дан оширмаслик эканлигини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «бюджет тақчиллиги ўсганида давлат қарзи маълум даражагача кўтарилиши» мумкин, лекин 60 фоизлик чегарадан ошмайди.

Май ойининг ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев ташқи қарз ўсишига тўхталиб, «Ҳамма бизнинг ташқи қарзимиз ўсаётгани ҳақида гапиради. Агар биз чет элдан пул олмаганимизда, иқтисодиётимизни шу даражагача ривожлантира олармидик?», — деган эди.