Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли кредит рейтингини «BB-» даражасида (спекулятив хатарли мажбуриятлар) тасдиқлади. Рейтинг бўйича башорат — «барқарор», дейилади агентликнинг 8 октябрь куни эълон қилган пресс-релизида.

Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистон рейтинглари яхши ташқи ва фискал буфер захираларини, давлат қарзининг пастлигини, шунингдек рейтинги «BB» категориясидаги солиштирса бўладиган эмитентларга нисбатан юқори ўсиш тарихини ҳисобга олади. Бошқа томондан, таҳлилчилар хом ашё секторига юқори даражадаги қарамлик, инфляциянинг юқорилиги ва аҳоли жон бошига паст ЯИМ даражаси кўринишидаги тузилмавий камчиликлар, шунингдек солиштириладиган давлатларга нисбатан институционал муҳит ва бошқарув сифатининг заиф даражаларини қайд этишмоқда.

Fitch 2021 йилда мамлакат иқтисодиётининг ўсиши 6,2%ни ташкил қилишини ва 2022−2023 йилларда ўртача 5,7% даражада бўлиб («BB» медианаси учун башорат қилинган 3,7% билан таққослаганда), кучли динамикани сақлаб қолишини башорат қилмоқда. Ушбу кўрсаткичлар босқичма-босқич бюджет консолидацияси, кучли инвестициялар, ташқи молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларининг сақланиб қолиши ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва саноат ишлаб чиқаришига ижобий таъсир кўрсатаётган ислоҳотлар билан қўллаб-қувваталанади.

«Пандемиянинг ривожланиши ва вакцинация жараёнини амалга ошириш бўйича кечикишлар (сентябрь ойи ўртасида эмланиши режалаштирилган аҳолининг 16% тўлиқ эмланган эди) бизнинг ўсиш бўйича башоратларимизга салбий таъсир қилиш хавфи бор», — дейилади ҳисоботда.

Агентликнинг башоратларига кўра, Ўзбекистоннинг жами бюджет танқислиги 2021 йилда ЯИМнинг 5,2%гача ўсади, бу кўрсаткич ҳукумат режалаштирган 5,5% даражасидан ва «BB» медианаси учун башорат 5,7%дан озгина пастроқ. 2021 йилга башорат консолидацияланган бюджет (кенгайтирилган ҳукумат бюджети ва Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ташқи манбалар ҳисобига молиялаштириладиган харажатлар ва операциялар)) танқислиги ЯИМнинг 3,4%гача мўтадил ўсишидан келиб чиқади. Бу кўрсаткич 2020 йилги 2,8%дан каттароқ, лекин ҳукумат башорати 3,7%дан пастроқ.

Бироқ ҳукумат бюджетда ажратилганидан кўра кўпроқ даромадларни (бюджетдан бутун йил учун ажратилган 11% билан таққослаганда 2021 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 29%га кўпроқ) қўшимча ижтимоий ва капитал харажатларга йўналтиришни режалаштирмоқда, олдинги йиллар каби, режалаштирилган харажатлар даражасига маълум даражада етмасликнинг эҳтимоли бор.

«Биз босқичма-босқич бюджет консолидациясини башорат қиляпмиз, давлатнинг инвестициялар, соғлиқни сақлаш ва таълим учун харажатларга сақланиб қолаётган эътиборини ҳисобга олган ҳолда ундаги жами танқислик 2022 йилда ЯИМнинг 4,3% ва 2023 йилда 3,8% даражасида бўлади. Бундан ташқари, ҳукумат 2023 йилда ЯИМнинг 1,1% даражасида баҳоланган солиқларни (ҚҚС ва мол-мулкка солиқ) пасайтириш имкониятини кўриб чиқади, бу эса, бизнинг кутилмаларимизга кўра, солиққа солишнинг расмийлаштирилиши ва самарадорлигини яхшилаш ҳисобига қисман қопланади», — дея таъкидлади Fitch агентлиги.

Агар қарзлар ҳажми ҳукумат томонидан режалаштирилган даражада бўлса, 2021 йилда давлат қарзи ЯИМнинг 42%гача ўсади (ташқи кафолатлар кўринишидаги ЯИМнинг 12%ини қўшиб ҳисоблаганда), бу кўрсаткич 2020 йилда 37% эди. Агентлик башоратларига кўра, 2023 йилда қарз ЯИМнинг 44% даражасига етади, бу «BB» учун башорат қилинган 59% даражадаги медианадан пастроқ, лекин 2018 йилги 20% даражадан икки баравар кўпроқ бўлади. Давлат қарзи деярли тўлиқ равишда хорижий валютада (2021 йил охири учун башоратларга кўра, 96%), бу макроиқтисодий барқарорлик ва қарз юкламасига чидамлилик ўртасидаги кучли ўзаро боғлиқликни англатади.

Бундан ташқари, яқин вақт ичида ҳукумат давлат қарзи тўғрисидаги қонунни парламентга кўриб чиқиши учун киритишни режалаштирмоқда. Ушбу қонун қарзнинг чегараси ЯИМнинг 60% даражасида бўлишини, қарзларни жалб қилиш (ДХШ доирасидаги мажбуриятлар билан бирган) бўйича йиллик чегараларни ва қарз ЯИМнинг 50%дан ошган тақдирда мослаштирувчи чораларни кўриш бўйича талабларни белгилайди.

Давлат халқаро молиявий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган сиёсатнинг олдиндан башорат қилиниши эҳтимолини ошириш учун бюджет қоидасини ишлаб чиқмоқда. Пандемиядан кейинги даврда қарзлар бўйича мақсадли чегараларга риоя қилиш амалиётининг шаклланиши ва бюджет консолидациясининг барқарор стратегиясини амалга ошириш давлат молияларини асосий қулай рейтинг омиллари сифатида сақлаб қолиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон 2022−2023 йилларда захиралар билан қопланган тақдирда (амалдаги хорижий валюта тўловларидан 12,6 ой) яхши ташқи буфер захираларини (2021 йилда захиралар 35,2 млрд доллар миқдорида бўлиши башорат қилинмоқда) сақлаб туради.

Таҳлилчиларнинг кутилмаларига кўра, Марказий банк инфляцион таргетлашга ўтиш доирасида ижобий реал ставкаларни қўллаб-қувватлайди. Банк монетар сиёсатнинг траснмиссион механизмларини яхшилаш учун инструментларни ишлаб чиқмоқда, лекин юқори инфляцион кутилмалар, молиявий долларлашув, тор капитал бозорлари ва давлат сектори томонидан молиялаштириладиган имтиёзли шартлардаги кредитларнинг улуши ҳалигача юқорилиги бунга тўсиқ бўлиб қолмоқда.

«Биз 2021 йил охирига келиб инфляциянинг 9,8%гача пасайишини башорат қиляпмиз, лекин кучли ички талаб, ойлик маошларининг ўсиши ҳамда электр энергияси ва газга бўлган тарифларнинг мослаштирилиши сабабли 2022−2023 йилларда инфляция кўрсаткичлари солиштириладиган рейтингли эмитентлардан („BB“ учун медиана — 5,4%) юқори бўлишини кутяпмиз», — дейилади ҳисоботда.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, давлат камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш билан бир вақтда ижтимоий шароитларни яхшилашга кучли эътиборни сақлаб қолади. Ислоҳотларнинг кейинги босқичининг мураккаблиги, айниқса мақсадлар ва муддатлар бўйича катта режаларни ҳисобга олганда, давлатнинг институционал салоҳиятини синовдан ўтказади.

Fitch кутилмаларига кўра, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев, катта эҳтимол билан, 24 октябрдаги сайлов натижаларига кўра иккинчи муддатга сайланади.

«Мамлакат илгаригидек ислоҳотлар бўйича узоқ муддатли чораларни қўллаб-қувватлайдиган институционал муҳитни ривожлантириш жараёнини бошдан кечирмоқда, лекин бошқарув бўйича ривожланиш босқичма-босқич бўладиганга ўхшайди. Афғонистондаги ҳукумат ўзгаришининг таъсири эҳтимолий қочқинлар оқими ёки сиёсий барқарорлик учун хатарлар жиҳатидан чекланганлигича қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикатори рейтингида қуйи поғоналарда туради, бу эса «сиёсий жараёнларда иштирок этиш ҳуқуқлари ва институционал салоҳиятнинг паст баҳоланганлиги, қонун устуворлиги тамойилининг тенг равишда қўлланилмаслиги ва коррупциянинг юқори даражада эканлигини» билдиради.

Олдинроқ Fitch Ўзбекистоннинг банк сектори ҳақидаги ҳисоботини эълон қилган эди. Агентлик маълумотларига кўра, 2020 йилда активларнинг сифат кўрсаткичлари пасайган ва бундан кейин ҳам ёмонлашиши кутилмоқда. Бунга сабаб — кредит таътиллари муддати ниҳоясига етганлиги ва кўп сонли кредитлар учун имтиёзли даврлар якунланганлиги.