Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти туфайли санкциялар рўйхатини кенгайтирди.

Улар орасида USM ҳолдинг асосчиси, келиб чиқиши асли ўзбекистонлик бўлган рус миллиардери Алишер Усмонов ҳам бор. Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази қурилишини молиялаштирмоқда, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаб қолиш, шу жумладан, Тошкентда модернизм меъморчилигини қайта тиклаш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. У билан алоқадор бўлган Россия компаниялари яқинда «Капиталбанк» ва «Оҳангаронцемент» акцияларини қўлга киритган эди.

Унга қўшимча равишда рўйхатга қуйидагилар ҳам киритилган:

  • Игор Сечин, «Роснефт» раҳбари;
  • Николай Токарев, «Транснефт» раҳбари;
  • Пётр Авен, тадбиркор;
  • Михаил Фридман, тадбиркор;
  • Сергей Ролдугин, виолончелчи;
  • Дмитрий Песков, Россия президенти матбуот котиби;
  • Дмитрий Чернишенко, Россия бош вазири ўринбосари;
  • Ирек Файзулин, Россия қурилиш вазири;
  • Виталий Савельев, Россия транспорт вазири;
  • Андрей Турчак, Федерациялар кенгашининг биринчи вице-спикери;
  • Тигран Кеосаян, журналист;
  • Ольга Скабеева, журналист;
  • Александр Пономаренко, тадбиркор;
  • Модест Колеров, журналист;
  • Роман Бабаян, журналист;
  • Антон Красовский, журналист;
  • Аркадий Мамонтов, журналист;
  • Сергей Пинчук, Қора денгиз флоти қўмондонининг биринчи ўринбосари;
  • Алексей Авдеев, Жанубий денгиз флоти қўмондони ўринбосари;
  • Рустам Мурадов, Жанубий денгиз флоти қўмондони ўринбосари;
  • Андрей Сичевой, Жанубий ҳарбий округ 8-умумқўшин армия қўмондони;
  • Геннадий Тимченко, тадбиркор;
  • Алексей Мордашов, тадбиркор;
  • Пётр Фрадков, «Промсвязбанк» раҳбари.

«Согаз» ҳам санкциялар остида қолди.

27 февраль куни Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан қўшма матбуот анжуманида Брюсселда россиялик олигархларга нисбатан қаттиқ санкциялар қўллаш масаласи муҳокама қилинишини айтди. У Европа Иттифоқи расмийлари Россиянинг юқори мартабали амалдорлари ва ҳокимиятга яқин бўлган рус элитаси вакиллари, шунингдек, уларнинг оилалари ва «шериклари»нинг Европадаги активларини аниқлаш ва музлатиш бўйича чоралар кўришига ваъда берди. Бундан ташқари, ЕИ бундай шахсларга «олтин паспортлар» сотилишини чекламоқчи.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Элизабет Трусснинг қайд этишича, унинг идораси Лондон «Россия ҳукумати билан алоқадор» деб ҳисоблайдиган россиялик олигархларнинг қора рўйхатини тайёрламоқда.