«Медуза» нашри россиялик иқтисодчи Сергей Гуриевнинг Россия-Украина муносабатларининг кескинлашуви, уруш ҳаракатлари ва санкциялар остида Россия иқтисодиёти қандай ўзгариши хусусида берган интервьюсини эълон қилди.

Сергей Гуриев Россия Марказий банкининг Европа иттифоқи, АҚШ ва Канададаги активлари музлатилишини «мутлақо кутилмаган, муҳим янгилик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, «захираларнинг мавжудлиги — макроиқтисодий барқарорликнинг асосий устунларидан бири» ҳисобланади. Энди валюта бозорида вазият қандай ўзгаришини олдиндан айтиш қийин, сабаби — бу каби ҳодиса «ҳеч қачон кузатилмаган» эди. Гуриевнинг фикрича, фақат бир нарсани мутлақ ишонч билан айтиш мумкин — «бу рубль учун улкан зарба» бўлади.

Иқтисодчининг таъкидлашича, ҳозирда Россия Марказий банки ихтиёрида мавжуд бўлган олтин ҳамда юан ҳам вазиятни юмашатишга ёрдам бермаслиги мумкин. «Америка санкциялари — жуда жиддий механизм» бўлиб, бу борада Хитой банклари Россия регуляторини қўллаб-қувватлашни истамайдилар. Сабаби — Америка буни жавобсиз қолдирмаслигини яхши биладилар.

Гуриев ҳозирги вазиятда Россия Марказий банки захирасидан олтин сотиб олиш ёки юанни долларга алмаштириш орқали АҚШ санкциялари остига тушиб қолиш хатарини ҳеч бир Хитой банки зиммасига олишга тайёр эмас, деб ҳисоблайди.

«Россия Марказий банки, шубҳасиз, доллар ва еврога муҳтож. Сабаби Россия иқтисодиётида импортнинг аксарият қисми Европадан. Дори воситалари, технология, озиқ-овқат сотиб олиш учун юан эмас, доллар керак», — дея қайд этган Сергей Гуриев.

Унинг сўзларига кўра, «санкциялар қандай ишлашини», аниқроғи қандай таъсир кўрсатишини ҳеч ким билмайди. Бу каби ҳолат Эрон ва Шимолий Корея билан содир бўлган, бироқ Россия, унинг наздида, «анча муҳимроқ ўйинчи». Амалиётда кузатилмаган ҳодиса бўлганлиги сабаб Россияда валюта инқирози бўлмайди, деб олдиндан айтиб бўлмайди.

Медуза мухбирининг «россияликлардан доллардаги жамғармалари олиб қўйилиши» эҳтимоли мавжуд ёки йўқлиги тўғрисидаги саволига иқтисодчи бундай сценарий «мутлақо ҳақиқатга яқин», дея жавоб берган. Унинг фикрича, бундай ҳолатда россияликларга доллардаги жамғармаларини фақатгина давлат томонидан ўрнатилган курсда рублга айлантириб ечиб олишларига рухсат этилиши мумкин. Шунингдек, импорт кескин қисқариши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунки россияликларда валюта етишмайди.

Гуриев, шунингдек, бу каби қатъий санкциялар ўз натижасини бериши ва Россия президентининг Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш бўйича музокараларни бошлашига ишонч билдирган. Қолаверса, фуқароларнинг норозилиги ҳам бунга «туртки бўлишини» қайд этган.

Иқтисодчининг фикрича, музокаралар натижасида Россия ўз қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетган тақдирда ҳам барча санкциялар олиб ташланмаслиги мумкин. Бундан ташқари, мамлакатга инвестиция оқимининг қисқариши эҳтимоли катта. Сабаби юз берган ҳодиса Россияда «илгари кутилмаган ҳодиса юз бериши мумкин» эканлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан ғарблик инвесторлар «Путин қандайдир янгилик ўйлаб топиши мумкин» бўлган шароитда риск қилмайди.

Шунингдек, у Россиянинг нефть экспортига эмбарго жорий этилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигини қайд этган. Натижада Россия нефтни Хитойга арзонроқ нархда сотишига тўғри келиши мумкин. Бироқ иқтисодчи ҳозиргача қўлланган санкцияларнинг ўзи ҳам Путиннинг музоракалар ўтказиши учун етарли рағбат бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган. Айниқса Россия Марказий банкига нисбатан қўлланилган санкциялар Россияни «SWIFT`дан узиб қўйишдан ҳам кўра оғриқлироқ» эканлигини таъкидлаган.

Юқори технологиялар экспорти билан боғлиқ санкциялар, Гуриевнинг таъкидлашича, Россияда технологиялар ривожланишини тўхтатиб қўйиши мумкин.

«Россия технология соҳасида амалга оширмоқчи бўлган ҳамма нарса бошқа давлатлар билан ҳамкорликка боғлиқ. Россия бу борада ёлғиз эмас. Хитой ҳам ёлғиз ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Америка ҳам. iPhone фақат Америкада ишлаб чиқарилмайди… Энг замонавий микрочиплар Тайванда ишлаб чиқарилади. Тайвань санкцияларга қўшилди. Бу — Россияда технологиянинг ривожланиши тўхтайди, дегани», — дея аниқлик киритган у.

Медуза мухбири шу ўринда Гуриевнинг, Россия иқтисодиёти бошқа давлатлар билан шунчалик боғлиқ экан, Путин қандай аргументларга ишонган ҳолда бу урушни бошлаганлиги юзасидан мулоҳазалари билан қизиққан.

Гуриевнинг фикрича, Россия президенти «Ғарб бундай жиддий санкцияларни қўллашга журъат этолмайди» деб ўйлаган бўлиши мумкин. Қолаверса, у «уруш жуда тез тугашига ишонган».

«Аммо Ғарб раҳбарлари ўзларини алдангандек ҳис қилишди, энг асосийси, Ғарб жамияти гувоҳи бўлдики, 1939 йил қайта келди… Янги Европа урушини эса ҳеч ким хоҳламади. Ғарб жамияти ўз ҳукуматларидан кескин чораларни талаб қилди», — дея таъкидлаган у.

Бу каби қатъий санкциялар Ғарб иқтисодиётини ҳам хавф остида қолдириши мумкинлиги, хусусан, Россия газ таъминотини тўхтатиши мумкинлиги тўғрисидаги мулоҳазага Гуриев шундай муносабат бирдирган: «Ғарб бунга тайёр, буни ўта жиддий муҳокама қилмоқда. Ғарб биладики, унинг Россия газига қарамлиги Россиянинг газ таъминотига боғлиқлигига қараганда камроқ».

«Айнан шунинг учун ҳам бугун Владимир Путин газ таъминотини тўхтатишини айтмади. У „Бизда ядро қуроли бор“, деди. Мана шу нарсадан ҳамма қўрқади. Айнан шунинг учун Ғарб аскарлари Украина тупроғида жанг қилмайди. Айни пайтда, Франция ташқи ишлар вазири [Жан-Ив] Ле Дрианнинг „НАТО ҳам ядровий альянс эканлигини унутманг“ деган баёнотини эсда тутишимиз зарур. Аммо Ғарбда инсон ҳаётининг қиймати жуда юқори, ҳеч ким ядровий урушни хоҳламайди. Ҳамма иқтисодий чоралар етарли бўлишига умид қилмоқда», — дея таъкидлаган Сергей Гуриев.

Суҳбат якунида эса «Уруш россияликлар учун қимматга тушмоқда ва бундан ҳам қимматга тушади. Урушни тўхтатиш керак», дея хулоса қилган.

24 февраль тонгида Россия ҳарбий қўшини Украина ҳудудига бостириб кирди. Россия ҳукумати бу хатти-ҳаракатларни «махсус ҳарбий операция» деб атади ва операциянинг мақсади — Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш эканлигини маълум қилди. Кремль буни Украинанинг NATO`га киришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳамда NATO`нинг шарққа томон «кенгайиши» Россия хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги билан изоҳлаб келмоқда.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини дунё ҳамжамияти ва кенг жамоатчилик кескин қоралади. Ғарб давлатлари Россияни зудлик билан қон тўкишни тўхтатишга чақирди, унга нисбатан санкциялар эълон қилди ва воқеалар ривожига мос равишда санкциялар пакетлари янгиланиб, қатъийлашиб бормоқда. Улар сафига яқин Шарқ давлатлари ҳам бирин-кетин қўшилаётганлиги айтилмоқда. Россияга қарши қаратилган санкциялар ҳозирча асосан иқтисодий, хусусан, молиявий характерга эга.

27 февралга ўтар кечаси Ғарб давлатлари томонидан эълон қилинган навбатдаги санкциялар пакетидан Россиянинг бир қатор банкларини SWIFT`дан узиш ҳамда Марказий банкининг Европа иттифоқи, АҚШ ва Канададаги активларини музлатиш масаласи ҳам жой олди. Марказий банк активлари мамлакатда миллий валюта ва фонд бозори қулаётган бир пайтда миллий валюта барқарорлигини сақлаб туришда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ Россия эндиликда рубль барқарорлигини сақлаб қолиш учун халқаро заҳираларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлди ёки бу имконият чекланди.