Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов билан учрашувда тийиб турувчи кучларни шай ҳолатга келтиришга буйруқ берди, дея хабар берди РИА Новости нашри.

«Кўряпсизми, Ғарб давлатлари мамлакатимизга нисбатан нодўстона ҳаракатларни фақат иқтисодий соҳада амалга ошираётгани йўқ, мен ҳаммага маълум бўлган ноқонуний санкцияларни назарда тутяпман. Лекин НАТОнинг етакчи давлатларининг юқори мансабдор шахслари ҳам мамлакатимизга қарши агрессив баёнотлар бермоқда. Шунинг учун мен мудофаа вазири ва Бош штаб бошлиғига Россия армиясининг тийиб туривчи кучларини ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказишни буюраман», — деди Путин.

Мудофаа вазирлиги веб-сайтидаги маълумотномага кўра, стратегик тийиб турувчи кучлар «Россия Қуролли Кучлари жанговар кучининг асоси бўлиб, Россия ва унинг иттифоқчиларига қарши тажовузни тўхтатиш, шунингдек, тажовузкорликни енгиш учун турли хил қуроллардан, шу жумладан ядровий қуролдан фойдаланиш учун мўлжалланган.

«Ҳарбий навбатчиликнинг махсус режими» — нима эканлиги ҳақида маълумот мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа ва АҚШ Россияга нисбатан янги «қаттиқ молиявий санкциялар» қўллашга келишиб олгани ҳақиида хабар берилганди. Унга кўра, Россиянинг санкция остидаги банклари SWIFT тизимидан узиб қўйилади.