Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида турли давлатлар раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирликлари бу борада ўз позицияларини билдиришмоқда.

Жумладан, Беларусь президенти Александр Лукашенко Украина ҳарбий раҳбарияти Россия томонидан махсус операция ўтказилиши ҳақида огоҳлантирилган, деган баёнот билан чиқди. Лукашенко тарихга мурожаат қилиб, икки давлат ўртасида тўқнашувларнинг олди олингани борасида мисоллар келтирди.

«Менга қаранг, ахир тарихда бўлган-ку, Хрущев кечаси Кеннедига қўнғироқ қилиб, иккаласи термоядровий урушни тўхтатишган. Бу ерда эса, қаранг-ки, қўнғироқ қилиш, гўшакни кўтариш оғирлик қилибди. Ярамас», дея фикр билдирган Лукашенко Украина президентини назарда тутиб.

Лукашенко шунингдек, Украина раҳбарияти қон тўкилиши ва қирғиннинг олдини олиш йўлларини излаши кераклигини қўшимча қилган. Беларусь президенти мамлакат қўшинлари Россия томонидан ўтказилаётган махсус операцияда иштирок этмаётганини таъкидлаб ўтган.

Чехия президенти Милош Земан РФнинг Украинадаги ҳаракатларини танқид остига олиб, Украина халқини қўллаб-қувватлашини айтган.

«РФ Украинага ҳужум қилди. Гап асоссиз агрессия ҳақида бормоқда», — деб айтган Земан ватандошларга мурожаатида.

«Россия инсониятга қарши жиноятни содир этди. Аввалроқ, „руслар Украинага бостириб кирадиган даражада ақлдан озган эмас“, деган бўлсам, энди адашганимни билдим. Телбаларни изоляция қилиш керак. Россияни изоляция ва яккаланиш кутмоқда», деб қўшимча қилган Чехия раҳбари.

Земан шунингдек, Россияни SWIFT дан узиб қўйишга чақирган.

Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин Корея Республикаси Россияга қарши халқаро санкцияларга қўшилишини маълум қилган.

«Бегуноҳ одамларнинг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган кучнинг қўлланилишини ҳеч қандай вазиятда оқлаб бўлмайди, — деб айтган Мун Чже Ин миллий хавфсизлик бошқармаси раҳбари докладини тинглагач. — Жаҳон ҳамжамияти томонидан мунтазам тарзда янграган огоҳлантиришлар ва дипломатик сай-ҳаракатларга қарамай, Украинага кўпчиликни ҳавотирга солган қуролланган ҳужум барибир амалга оширилди. Давлатлар ўртасидаги можаролар уруш эмас, мулоқот йўли билан ҳал этилмоғи керак».

Литва президенти Гитанас Науседа Украинадаги вазият туфайли нафақат Россия, балки Беларусга нисбатан ҳам санкция киритишга чақирган. Науседа ўзининг санкция киритиш таклифини «зарур чора» деб атаган ва буни «Украинага қарши тажовуз Беларус ҳудудидан ҳам амалга оширилаётгани» билан изоҳлаган.

Литва президенти мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида декретни имзолаганини эълон қилган. Энди ҳужжатни мамлакат сейми тасдиқлаши керак.

Германия канцлери Олаф Шольц Путинни зудлик билан Украинадан қўшинларни олиб чиқишга чақирган. Шольц шунингдек, ЕИ бугуноқ Россияа қарши янги санкциялар қабул қилишини айтган.

Хитой ТИВ Россия Украинадаги ҳарбий операцияни Хитойдан фикр сўрамасдан амалга оширганини, РФ буюк держава ва унга Украинадаги вазиятни ҳал этиш учун Хитой ёки бошқа давлатнинг ҳарбий кўмаги керак эмаслиги ҳақида баёнот берган.

Туркия президенти Тойиб Эрдоған Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари номақбуллигини айтган. Туркия Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирган, иккита дўстона давлат шу аҳволга келганидан ташвиш билдириб, масалани мулоқот йўли билан, Минск келишувлари асосида ечишга чақирган.

Франция президенти Эммануэль Макрон Россиянинг Украинадаги ҳарбий операциясини қоралаб, зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган. Франция президенти Украинадаги вазият туфайли киберхавфсизлик бўйича барча хизматларни шайлигини оширишни буюрган. Франция раҳбари Украинани қўллаб-қувватлашини билдириб, урушга нуқта қўйиш учун барча шериклар ва иттифоқдошлар билан иш олиб бораётганини қўшимча қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, Франция президенти миллатга мурожаат билан чиқиш қилган ва Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари БМТ Низомини бузаётганини таъкидлаб, Россияга қарши кўплаб секторларни қамраб оладиган кенг миқёсли санкцияларни жорий этиш билан таҳдид қилган.

РИА Новости хабарига кўра, Макрон Россияга қарши санкциялар ҳарбий, иқтисодий ва энергетика соҳаларини қамраб олишини айтган.

Исроил Россиянинг Украинадаги ҳарбий операциясини қоралади.

«Россиянинг Украинага ҳужуми — бу халқаро тартибнинг қўпол равишда бузилишидир. Исроил бу босқинни қоралайди ва Украина фуқароларига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга тайёр. Исроил — урушни бошдан кечирган давлат. Уруш — масаланинг ечими эмас», — деб баёнот қилган пайшанба куни Исроил ТИВ раҳбари Яир Лапид.

(Хабар тўлдирилмоқда)