Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида фуқароларни Миллий гвардия тизимига ишга ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда берганликда гумонланган шахслар қўлга олинди.

Мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Олтинкўл тумани бўлимлари ўтказган тезкор тадбирда аниқланди.

Фуқаролар З.У., Ш. Г. (муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган) ва К.А.лар гўёки ўзларининг Тошкент шаҳридаги танишлари орқали фуқаро О.ни ишга жойлаштириш ва фуқаро И.ни эса ўқишга киритиб қўйишига ишонтиргани айтилмоқда.

Бунинг эвазига 32 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.