26 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида президент Туркия етакчисини табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, Туркиянинг дўст халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Мулоқот чоғида икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилган. Ўзбекистон-Туркия кўп қиррали ҳамкорлиги ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

«Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом эттирилмоқда, ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсмоқда. Икки мамлакат етакчи ҳудуд ва корхоналарининг кооперацияси кенгаймоқда, биргаликда қатор йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Муҳим маданий-гуманитар дастурлар рўёбга чиқарилмоқда», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Стратегик ҳамкорлик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Халқаро сиёсат ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.