Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Тошкентда GTA Showroom корхонаси раҳбари ишчи ва мижозларга намоз ўқишга шароит яратиб бергани учун суд томонидан 21,6 млн сўм миқдорида жаримага тортилгани юзасидан муносабат билдирди.

Диний қўмитанинг қайд этишича, фуқароларнинг биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русум ва маросимларни бажариш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳолда диний ташкилот ташкил этиш талаб қилинади.

«Диний расм-русумлар ва маросимларни амалга ошириш жойларининг аниқ белгиланмаслиги ҳар бир шахс ёки диний ташкилотнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини рўкач қилган ҳолда жамоат тартибига, ташкилотлардаги ички тартиб қоидаларига зид равишда ҳаракат қилишига олиб келади», — дейилади қўмита баёнотида.

Қайд этилишича, диний расм-русумлар ва маросимларни белгиланган жойларда ўтказиш бўйича қонун талабларига лоқайд муносабатда бўлиш келажакда мулк шаклидан қатьи назар, барча ташкилотларда, жамоат жойларда қонунчиликда назарда тутилмаган намозхоналар пайдо бўлишига, турли дин вакиллари томонидан ибодат бурчаклари ташкил этилишига, дин ва давлат ажратилганлиги тамойилига зид вазият шаклланишига сабаб бўлади.

Қўмитанинг фикрича, турли конфессияларга мансуб шахслар ёки диний ташкилотларнинг муайян ҳудуддан ташқарида диний расм-русум ва маросимларни амалга ошириши натижасида келгусида мамлакатда миссионерлик ҳаракатларининг авж олишига, аҳоли орасида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка салбий таъсир кўрсатади.

Хулоса сифатида қўмита фуқаролардан интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масалалар юзасидан фикр билдирганда холис бўлиш ҳамда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Яккасарой туманида GTA Showroom компанияси раҳбари корхона биносида ишчи ва мижозларга намоз ўқишга шароит яратиб бергани учун 21,6 млн сўм миқдорида жаримага тортилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров судья тадбиркорга нисбатан МЖТКнинг 201-моддасини нотўғри қўллаганини, намоз ўқиш «диний маросим эмас, балки эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқ» эканини таъкидлади.