Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Яккасарой тумани судининг Қушбеги мавзесида жойлашган GTA Showroom корхонаси биносида ишчи ва мижозларга намоз ўқишга шароит яратиб бергани учун 21,6 млн сўм миқдорида жаримага тортгани акс этган қарор нусхаси тарқалди.


Фото: Ижтимоий тармоқлар

Унда қайд этилишича, суд мажлисида ҳуқуқбузар 2021 йил 12 январь куни ўзига тегишли корхона ҳудудида намоз амалларини бажаришга шароитлар яратиб бергани, унинг ёмон нияти бўлмагани, у шунчаки ўз ишчиларига ўз намозларини ўқиши учун шароит яратгани, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатув берган.

Суднинг фикрича, ҳуқуқбузар ўзининг ушбу ҳаракатлари билан МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида (диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ушбу қарор юзасидан муносабат билдириб, «Ибодат — диний маросим эмас, у эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқдир», — деб ёзди.

Алишер Қодировнинг фикрича, судья тадбиркорга нисбатан МЖТКнинг 201-моддасини нотўғри қўллаган.

«Судья ибодат учун шароит яратган Фарҳод Раҳмоновга нисбатан МЖКнинг 201-моддаси иккинчи қисми билан жаримани хато қўлламоқда. Модда ибодат ёки ибодатга шароит яратганлик учун эмас, „диний маросим“ ўтказиш талабини бузганлик учун қўлланилади», — дея таъкидлади «Миллий тикланиш» партияси етакчиси.

У инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деб ҳисобланаётган мамлакатимизда эътиқод қилувчиларни ибодат амаллари учун, бутун дунёда кенг қўлланилаётган амалиёт сифатида, жамоат жойларида ҳам қулай шароит яратиб берилиши кераклигини ҳам қайд этиб ўтди.