Ижтимоий тармоқларда Украина олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ертўлаларда қолишга мажбур бўлаётгани, уларга биринчи зарур маҳсулотлар етишмай қолгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ТИВ махсус вакили Юсуп Кабулжанов изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси вазият қай даражада мураккаб бўлишидан қатъи назар ушбу мамлакатда бўлиб турган ватандошларни эвакуация қилишни ташкил этиш бўйича кучайтирилган тартибда ишламоқда.

«Дипломатик миссия вакиллари юртдошларимиз билан доимий алоқа ўрнатиб, юзага келаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиб келмоқда. Харьковда бўлиб турган элчихона масъул ходими ўзбекистонлик талабалар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг барча масалаларини ҳал этмоқда», — дейилади хабарда.

Элчихона ҳамда Украинадаги диаспора вакиллари кўмагида Харьков ва Запорожье шаҳарларида бўлиб турган ўзбекистонлик талабалар 3 маҳал овқат билан таъминланмоқда. Шу билан бирга, Запорожье миллий университети раҳбарияти ҳам талабаларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Таъкидланишича, Херсон, Хмельницкий, Днепр ва Одесса шаҳарларида таҳсил олаётган талабалар масалалари диаспора кўмагида ҳал этилмоқда.

«Айни пайтда Украина шаҳарлари ўртасидаги автомобиль ва темир йўл алоқалари бутунлай фаолиятини тўхтатган. Бундай шароитда Украинанинг шарқий ва марказий вилоятларидан ватандошларни Польша билан чегарадош Львов шаҳрига хавфсиз етказишни ташкил этишнинг вақтинча иложи бўлмаяпти», — дейилади хабарда.

Аммо мана шу каби жиддий хавф-хатарлар бўлишига қарамай, бир гуруҳ талабалар уларни зудлик билан эвакуация қилишни талаб этмоқда.

Шу муносабат билан Украинадаги ватандошларимизга ваҳимага тушмаслик, ёлғон маълумотларни тарқатмаслик ва Элчихонанинг хавфсизлик бўйича умумий кўрсатмаларига амал қилишларини қатъий тавсия этамиз.

Шу билан бирга, Элчихона яқин кунларда Ўзбекистон фуқароларини Украинадан хавфсиз олиб чиқиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 25 февраль куни Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фуқароларни Польша орқали эвакуация қилишини хабар қилганди. Львовга келган ўзбекистонликлардан диаспора вакили Маруф Салиевга мурожаат қилиш сўралган. Эвакуация вақтида қариялар, болалик аёллар, талабалар ва болалар устунликка эга бўлади.

Львов Украинанинг ғарбидаги шаҳар бўлиб, Пойтахт Киевдан эса 500 кмдан кўпроқ масофада жойлашган. Львов Польша чегарасидан тахминан 70 км масофа узоқликдаги шаҳар ҳисобланади.