Украинадаги вазият кескинлашгани ва фавқулодда ҳолат жорий этилганини инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқаётганлигини маълум қилди.

«Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.

Элчихона хабарига кўра, Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқилмоқда.

Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан келишилади. Бу ҳақда Ўзбекистон фуқаролари элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.

Украинадан чиқиб кетишни хоҳловчи Ўзбекистоннинг барча фуқаролари паспорт маълумотларини элчихонанинг embassy@uzbekistan.org.ua электрон манзилига юборишлари мумкин.

«Украинада бўлган Ўзбекистон фуқароларидан хотиржамликни сақлашларини ва қўшимча саволлар туғилганда элчихона билан алоқада бўлишларини сўраймиз», — дейилади элчихона мурожаатида.