2020 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган автотранспорт воситаларига утилизация йиғими жорий этилган. Шунга қарамасдан, сўнгги 1,5 йил давомида ҳукуматнинг бюджет бўйича очиқ маълумотларида ҳам, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг ахборотларида ҳам утилизация йиғими бўйича ундирилган тўловларнинг миқдорлари очиқланмаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирар экан, Uzauto Motors компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун 2020 йил август-декабрь ойлари учун қарийб 2,5 трлн сўм, 2021 йил учун эса камида 5,3 трлн сўм миқдорида утилизация йиғими тўлаши кераклигини айтди.

Манба: bakiroo Telegram-канали

2021 йил прогнозларида ушбу компания тўлаган солиқларнинг жами бюджет даромадларидаги улуши 1,5% ёки 2,5 трлн сўм атрофида бўлган. Иқтисодчининг қайд этишича, 2021 йил учун утилизация йиғимининг ўзи эса камида 5,3 трлн сўмни ташкил қилади.

2021 йилда Ўзбекистон 10 давлатга қиймати 281,8 млн долларига тенг бўлган қарийб 29 мингта енгил автомобиллар экспорт қилган. Автомобиль экспортининг 93 фоизи Қозоғистон ҳисобига тўғри келган.

«Ҳар йили Uzauto Motors экспорт қилган автомашиналар учун утилизация йиғими давлат бюджетидан қоплаб берилади. Яъни, аслида қозоқлар, руслар, украинлардан ундирилиши лозим бўлган утилизация йиғими сизу биз тўлаган солиқлар ҳисобидан қоплаб берилади. Бу йил шу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратиш мўлжалланган», — деб ёзди Отабек Бакиров.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун 3 фоизлик йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши белгиланган.

Ҳисоб палатаси «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида йиғим тўланмасдан келинаётганини маълум қилган. Унга кўра, UzAuto Motors томонидан 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 582,6 млрд сўм йиғим тўланмаган. Бироқ компания ушбу йиғимни автомобиллар нархига қўшган, яъни харидорлар йиғимни тўлаб келишган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин айрим транспорт воситаларига 2022 йил охирига қадар утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилиши ҳақида хабар берилганди.