«Коронавирус пандемияси даврида ташқи иқтисодий фаолият, туризм ва қурилиш соҳаларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ҳукумат қарори (665-сон, 29.10.2020 й.) қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.

Қарорга кўра, 2022 йил 31 декабргача қуйидагиларга утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади:

  • юк ташиш учун мўлжалланган шатакчи автомобиллар (ТИФ ТН коди 8701 20, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно), шунингдек, тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошганлари бундан мустасно);
  • юк ташиш учун мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8704 22, 8704 23) ҳамда махсус мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8705 10, 8705 40, 8705 90);
  • ҳайдовчи билан бирга 10 ва ундан ортиқ йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8702, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно).

Шунингдек, эндиликда давлатлараро, ҳукуматлараро, халқаро ташкилотлар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида олиб кириладиган транспорт воситаларига ҳам утилизация йиғими ундирилмайди.