Наманганда антирадарлар аниқлай олмайдиган лазер тизими билан ишловчи «ақлли» қурилмаларни ўрнатиш бошланди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

18 февраль куни вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Туркиянинг «ÜÇ NOKTA» МЧЖ хорижий корхонаси инвесторларини қабул қилган.

Таъкидланишича, ушбу компания вилоят марказида 10 миллион долларлик инвестицион лойиҳани амалга оширмоқда.

Учрашувда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида ўрнатиш ва фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган «ақлли радар системалари»нинг янги авлоди намойиш қилинган.

«Лазер тизими билан ишловчи ушбу системага қарши ҳар хил антирадар ускуналари иш бермаслиги, тизимда эса фақатгина жазолаш эмас, балки йўллар ва чорраҳалардаги ҳаракатни тартибга солиши билан аҳамиятлидир», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, мазкур инвестициявий шартнома ўтган йилнинг июнь ойида имзоланган. Унга кўра,10 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш шарти билан намуна сифатида Поп, Чуст, Тўрақўрғон ва Давлатобод туманларида «ақлли радар системалари»ни ўрнатиш белгиланганди.