18 февраль куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича кеча бошланган ҳавонинг исиши давом этади, деб хабар берди «Ўзгидромет» матбуот хизмати.

Республиканинг барча ҳудудларида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво кутилмоқда. Кундузи ҳаво +10, +13 даражагача исийди. Тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Дам олиш кунлари республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво ҳукм суради. Фақат 19 февралда Сурхондарё вилояти, 20 февралда Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ва ҳўл қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилиши мумкин.

Тунги совуқлар аста-секин чекиниб, кундуз кунлари кўпроқ баҳор фасли учун хос бўлган қийматларгача исийди. 20 февралга келиб, ҳарорат кечаси +2, +7 даража илиқ, кундузги вақт эса +15, +17 илиқ, жанубда ҳарорат +18, +20 даражагача етади.