Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Халқаро мунозара клубининг демократлаштириш, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги масалаларига бағишланган семинарида мамлакатни модернизация қилиш талабларига тўхталиб ўтди.

«Мамлакат тараққиёти даражаси, жамият ҳаётидаги масалаларни ҳал этиш фуқароларнинг ўзи қай даражада иштирок этиши билан боғланади. Инсон фақатгина ривожланиш объекти эмас, балки унинг субъекти, тараққиётнинг мақсадигина эмас, балки унинг энг муҳим ҳаракатланувчи кучи ва ҳал қилувчи омили», — деди Сафоев нутқ бошида.

«Жамиятимиз олдида турган стратегик мақсад — замонавий, барқарор ривожланиб бораётган ижтимоий бозор иқтисодиётига асосланган дунёвий, демократик, ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришадиган жамият барпо этиш. Бунга эришиш учун биз биринчи навбатда сиёсий ва иқтисодий модернизация жараёнини амалга оширишимиз зарур», — деди сенатор.

Содиқ Сафоев барқарор тараққиётга интилаётган мамлакат нималарга эътибор қаратиши кераклигига ҳам тўхталди. «Агар биз хорижий инвестицияларни жалб қилмоқчи бўлсак, бу, биринчи навбатда, замонавий сиёсий тузилмани, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашни тақозо этади. Бу исбот қилиш муҳтож бўлмаган аксиомадир», — деди у.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари модернизациянинг муайян белгилари борлигини эслатиб ўтди.

«Замонавийлашган жамият доимий тараққиётни таъминловчи ички механизмларга эга. Бу алоҳида шахсга боғлиқ эмас, тизим ишлайди. Механизмларнинг энг муҳимларидан бири — ҳокимиятнинг учта тармоғи ўртасидаги бир-бирини тийиб туриш тизими, давлат бошқаруви тизимини марказлашган тизимдан марказлашмаган тизимга ўтказишни, хусусий мулк дахлсизлигини, ривожланган фуқаролик жамиятини ва қонун устуворлигини талаб этади. Бугун Ўзбекистон чуқурроқ, мураккаброқ, фундаментал ўзгаришлар бўсағасида турибди», — дея таъкидлади Сафоев.