Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи марта йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари сўзи аввалида бугун ўта муҳим ва кечиктириб бўлмас масала — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш муҳокама қилинишини таъкидлади.

Мамлакатда 2021 йилда 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. «Энг ачинарлиси, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан 263 нафар бола ҳалок бўлгани катта фожиадир», — деди давлат раҳбари.

Ўлим билан боғлиқ авариялар Тошкент вилоятида ҳар 100 минг аҳолига 21 та, Жиззахда — 16 та, Сирдарёда — 15 та, Навоий ва Самарқандда — 14 тадан, Қашқадарё ва Наманганда — 13 тани ташкил этиб, бошқа ҳудудлардан анча юқори.

Масалан, Попдан Тўрақўрғонгача бўлган 4Р-112 йўлининг 88-километри, «Термиз-Душанбе» (М-41) халқаро йўлининг Жарқўрғон-Денов қисми (80-километри), А-373-йўлининг Ёзёвон туманидан ўтган 352-километри, Самарқанд-Ғузор йўлининг (А-378) 85-километрида ҳар йили ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда.


Айниқса, 2021 йилда Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та аварияда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмган. Ушбу туман ва шаҳар ҳокимлари, ички ишлар бошлиқлари ва прокурорлари ишдан олиниб, уч ой синов муддати берилди. «Агар улар ушбу муддатда ўзгариш қилмаса, жавобгарликка тортилади», — деди президент.

Шу билан бирга, бундай фавқулоддаги ҳолатга нисбатан Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар депутатларининг овози эшитилмаётгани, Сенат, Қонунчилик палатаси, кенгашлар йўл ҳаракати хавфсизлигини бирор марта муҳокама қилмагани қайд этилди.

«Нимага ҳокимлар, ички ишлар, „ГАИ“, транспорт соҳаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, масъулияти кўриб чиқилмаган? Шунинг учун бу муҳим масала билан шахсан ўзим шуғулланишга мажбур бўлдим», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берилди. Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғига қатъий огоҳлантириш берилди.

Йиғилишда соҳадаги аянчли ҳолат статистик маълумотлар асосида танқидий таҳлил қилинди.

Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг:

  • 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги;
  • 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги;
  • 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги;
  • 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.

«Юқоридаги муаммоларнинг барчаси ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик масалаларига бевосита боғлиқ. Шу боис, 2022 йилда барча ҳудудларда „Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда“ умуммиллий дастурини амалга оширамиз», — деди президент.

Мисол учун, 2021 йилда аниқланган 7,7 миллион ҳуқуқбузарликдан 46 фоизи қўпол қоидабузарликлар ҳисобланади.

Айниқса:

  • маст ҳолда бошқариш Самарқанд (12 мингта), Тошкент вилояти (8,5 минг), Фарғона (7,5 минг) ва Тошкент шаҳрида (7 минг);
  • қизил чироққа ўтиш Тошкент вилояти (62 минг), Самарқанд (51 минг) ва Тошкент шаҳрида (47 минг) анча юқори.