Пойтахтдаги Абдулла Қодирий маданият ва истироҳат боғидаги ўнлаб дарахтлар қонунчилик талаблари бузилган ҳолда кўчирилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар қилди.

Январь ойида давлат инспекторлари томонидан ўтказилган ўрганишларда боғ ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилиши учун ажратилган ер майдонидаги дарахтлар тадбиркор томонидан керакли ҳужжатлар расмилаштирмасдан ноқонуний равишда бошқа жойга кўчирилганлиги аниқланган.

Тадбиркорга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1 қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан 1,35 млн сўм жарима тайинланган. У, шунингдек, ўсимлик дунёсига 7,6 млн сўм етказилган зарарни ҳам тўлаши лозим.

Бошқа тадбиркорлар билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш учун боғ ҳудудидан ер сотиб олган Хитойнинг Wan Li компанияси вакили Kun.uz нашрига хатланган 177 туп дарахтнинг 64 тупини парк ҳудудидан бошқа ерга кўчириб ўтқазганини маълум қилди. Компания қурилиш тугагунча ҳам бирор дарахтга зиён етказилмаслиги, кўчирилган дарахтлар кўкариб кетгунча парваришланиши, шунингдек яна кўплаб манзарали кўчатлар ўтқазилишини айтмоқда.

Абдулла Қодирий боғида кенг кўламли реконструкция ишлари бошланиши ҳақида 2019 йил сентябрь ойи ўрталарида эълон қилинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил август ойида боғга ташрифи чоғида уни реконструкция қилишни топширганди.

2019 йилнинг ноябрида боғни унга номи берилган ёзувчи яшаган даврни акс эттирувчи этношаҳарга айлантириш режалаштирилаётгани маълум бўлди.

2021 йилнинг баҳорида Hampton by Hilton бренди остида иккинчи меҳмонхона қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Tashkent Park Abdula Kodiri Абдулла Қодирий боғи ичида жойлашади. Қурувчи ва инвестор Қозоғистон BI Group ҳисобланади.

Ёзда истироҳат боғига ташриф буюрган Экологик партия вакиллари «унинг чиқиндихонага айлангани, инвесторларга берилган участкалардаги дарахтлар қуриб қолганини» айтишган эди.