Фарғона водийсидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (метан заправкалар) 15 февраль соат 13:00 дан 16 февраль соат 06:00 гача фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, чеклов «биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасалар, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик станцияларнинг табиий газ таъминотида барқарорлигини таъминлаш» мақсадида жорий қилинган.

Чекловлар Вазирлар Маҳкамасининг «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари» ҳамда улгуржи ва Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ етказиб бериш тўғрисида расмийлаштирилган икки томонлама шартнома шартларидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган жадвалга асосан жорий қилинганлиги айтилган.

«Ўзтрансгаз» матбуот хизмати вақтинчалик чеклов чоралари ҳаво ҳарорати бироз кўтарилгунга қадар давом этишини ҳамда АГТКШ тез орада аввалги тартибда ишлаш режимига ўтишини маълум қилган.

Ўзгидромет куни кеча ҳафта мобайнида Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво бўлиши, бир неча кун давомида тунги совуқлар сақланиб қолиши ҳақида хабар берган эди.