Ҳафта ўртасигача совуқ антициклон, ҳафтанинг иккинчи ярмида эса кучсиз шамолли қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

14 февраль, душанбанинг кундузида Ўзбекистон ҳудуди бўйича об-ҳавони жанубий Урал ҳудудларидан кириб келган нам ва совуқ антициклон белгилайди.

Республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлади. Тоғларда қор ёғади, кучли бўлиши ҳам мумкин.

Баъзи жойларда шамол 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, Қорақалпоғистоннинг, Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона вилоятларининг айрим жойларида кучайиш 25−28 м/с гача етиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +2…+7 даражагача илиқдан ошмайди.

Ҳафта ўртасигача совуқ антициклон таъсири сақланиб туради. Республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Асосан кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечаси −2…−7 даража совуққача, республиканинг шимолида бу −8…−10 даража совуққача пасаяди, кундузи +2…+5 даража илиқ атрофида бўлади.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида республика бўйича кучсиз шамолли қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Тунги совуқлар заифлаша бошлайди, кундуз кунлари эса қуёш нурлари ҳавони +8…+11 даража илиққача иситади. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФВВ фуқароларни Чимёнда қор кўчиши хавфидан огоҳлантириб, эҳтиёт чораларини кўриш билан бирга «Диққат! Қор кўчкиси хавфи мавжуд» белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўраганди.