Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, «Тошкент-Шарқий» аэродроми яқинида 155 гектарлик дендропарк, 160 гектарлик Олимпия шаҳарчаси ва Чирчиқ дарёси қирғоқларида 270 гектарлик парк барпо этилади. Уларнинг лойиҳалари 25 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.


Боғни ишлаб чиқишда дунё мегаполисларидаги машҳур паркларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилган. У фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Бу пойтахт экологиясига катта таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган «яшил ҳудуд» бўлади.

Мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилмоқда. Маълумки, Осиё Олимпия кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 та мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.


Шу мақсадда 160 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Чирчиқ дарёсининг 5 километрдан зиёд қисмида қирғоқларни тартибга келтириб, эшкак эшиш бўйича мусобақалар учун зарур шароит яратиш мўлжалланган. Унинг бўйларида эса 270 гектарлик парк барпо этилиши режалаштирилган.


Шунингдек, Қибрай туманининг ушбу ҳудудида 2 та университет, шифохона, экспо, савдо ва кўнгилочар марказ бинолари жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.

Президент лойиҳаларни сифат ва қулайлик жиҳатидан такомиллаштириш, иншоотларни қуришда жаҳондаги энг илғор тажрибаларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берди.