Тошкентнинг Юнусобод туманидаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ҳудудида объектларни қуриш пойтахт ҳокимлигининг маҳаллий бюджети, шунингдек бошқа ҳудудлардаги ер участкаларини инвесторларга сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда.

Мажмуани ва унга туташ боғ зонасини реконструкция қилиш режалари тўғрисидаги маълумотлар апрель ойида пайдо бўлган эди. Пойтахт ҳокимлиги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши режалаштирилганини маълум қилди. Ҳужжат ХДФУ — хизмат доирасида фойдаланиш учун — грифига эга. У давлат харидлари порталида чоп этилиб, кейин ўчирилган.

Ҳокимлик қатағон қурбонлари хотираси шарафига қурилган ротонда дарахтларга зиён етказмаган ҳолда реконструкция қилинишини ва уларнинг номлари ёзилган рамзий китоб ўрнатилишига ваъда берди. Бундан ташқари, музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилади.

Апрель охирида биз мажмуани реконструкция қилиш бўйича дастлабки лойиҳани эълон қилган эдик. Қурилиш вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, дастлабки лойиҳадан миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари, сайр учун велотураргоҳлар, бир қатор суҳбат жойлари, очиқ амфитеатр ва wi fi ҳудуди, болалар ва шахматчилар учун ўйин майдончалари ҳамда ҳожатхоналар чиқариб ташланган.

«Газета.uz» лойиҳада қайси компаниялар иштирок этишини ҳам аниқлаган эди. Мажмуа, жумладан ротондани реконструкция қилиш, қатағон қурбонлари исм-шарифлари ёзилган рамзий китоб ўрнатиш, музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилиши учун Mimar Group компанияси тендерсиз танлаб олинган. Қатағон қурбонлари хотираси музейини реконструкция қилиш учун эса Ijod-Ijod хусусий корхонаси танланган.

Ушбу компанияларни тендерсиз танлаб олиш учун асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги 178-сонли қарори кўрсатилган. Ушбу ҳужжат билан 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаш-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширишга рухсат берилган.

«Газета.uz»га маълум бўлишича, мажмуа ҳудудидаги объектлар қурилиши пойтахт ҳокимлигининг маҳаллий бюджети, шунингдек бошқа ҳудудлардаги ер участкаларини инвесторларга сотиш ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда. Биринчи босқичда Тошкент ҳокимлиги 20 млрд сўм ажратади, иккинчи босқичда — сармоядорларга лотларни сотишдан тушган маблағлар, етмаган қисми эса шаҳар ҳокимлиги бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан йўналтирилади.

Бошқа ҳудудлардаги айрим ер участкаларини сотиш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент ҳокимлиги захирасидаги қуйидагилар беғараз тақдим этилмоқда:

Фото: 2GIS.

1. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш объектлардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси балансидаги майдони 2,67 гектар бўлган ер участкаси (Юнусобод тумани Бўзсув бўйи кўчаси, 28-уй). Ушбу объект «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ёнида жойлашган;

Фото: 2GIS.

2. «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма марказига тегишли Амир Темур шоҳкўчаси 107-уй манзилидаги 0,9 гектар ер майдони. «Яндекс.Карта» ва 2GIS маълумотларига кўра, мазкур манзилда «Тошкентленд» ёнидаги Aqva Bog’i аквапарки жойлашган.

Мазкур ер майдонлари (Бўзсув бўйи, 28 ва Амир Темур шоҳкўчаси, 107) замонавий хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан бизнес марказлари, миллий овқатланиш жойларини ташкил этиш учун инвесторларга сотиш режалаштирилган. Ерлар «E-IJRO Auksion» электрон савдо майдончаси орқали ёки аниқ инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни (энг кам инвестиция ҳажми — 1 млн доллар) белгилаган ҳолда тўғридан-тўғри сотилади.

Истисно тариқасида ерларни сотишдан тушган маблағлар мажмуа ҳудудидаги объектлар қурилишини молиялаштириш учун буюртмачи (Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси) ҳисоб рақамига ўтказилади.

Канал ва аквапарк ҳудуди ўртасидаги 1 гектарлик ва 0,5 гектарлик майдон мулкдорларга «давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун» олинган ҳудудлар ўрнига товон сифатида мулкдорларга қайтариб берилади.