Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳокимига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот котиби хабар берди.

14 февраль куни вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтган йиғилишда Муборак тумани ҳокими Акром Ариповга фаолиятидаги камчиликлар, тадбиркорлар ва фуқаролар мурожаатларига эътиборсиз қарагани учун «ҳайфсан» берилди.

Шунингдек, мажлисда вилоят ҳокими Муротжон Азимов сектор раҳбарларини вилоят марказига чақириш камайтирилиши кераклигини таъкидлаган.

«Сектор раҳбарларини Қарши шаҳрига чақириш мени рухсатим билан амалга оширилади энди. Йиғилишни камайтириб, умумий топшириқларни Zoom орқали қисқа тушунтирса, раҳбарларнинг кўп вақти йўлда ўтмайди», — деди вилоят ҳокими.

Акром Арипов Муборак туманига 2021 йил июнь ойида ҳоким этиб тайинланган эди, унгача Қарши тумани ҳокими ўринбосари сифатида фаолият юритган.