Чоршанба куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида халқ депутатлари Муборак тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Муборак тумани ҳокими Улуғбек Эрназаров лавозимидан озод қилинди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, сессияда туманга янги ҳокимни сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Депутатлар Қарши тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Aрипов Aкрам Оромович номзодини Муборак тумани ҳокими лавозимига тасдиқлаган.


Aкрам Aрипов. Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги.

Йиғилишда шунингдек, тумандаги бир қатор муаммо ва камчиликларга ҳам тўхтаб ўтилган. Жумладан, Муборак туманида етиштирилган 10,4 минг тонна гўшт маҳсулотларининг 0,7 тоннаси ёки бор йўғи 6,9 фоизи қайта ишланса, етиштирилаётган 915 тонна жун ва 28 млн дм тери умуман қайта ишланмайди.

«Ҳисобот даврида туманда 1046 та кичик бизнес субъектлари мавжуд бўлиб, шундан 210 таси ёки 20 фоизи фаолият кўрсатмаяпти», — деган Зойир Мирзаев.

Қайд этилишича, 88,4 минг нафар аҳоли бўлган туманда ишсизлик юқори. Хорижга ишлаш учун кетганлар сони 1334 нафарни ташкил этади.

Туман аҳолисининг бор-йўғи 27,3 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, 14 та МФЙга (аҳолиси 47808 нафар) ичимлик суви тармоқлари етиб бормаган, 7 та МФЙга (аҳолиси 23431 нафар) ичимлик суви ташиб келтирилади. Қолаверса, тумандаги мавжуд 134 та кўп қаватли уй-жойларининг 60 фоизи ёки 81 таси таъмирталаб ҳолга келиб қолган.