Украина атрофида содир бўлаётган энг сўнгги янгиликлар

Украина атрофидаги вазият кескинлашган бир пайтда ўз фуқароларига ушбу мамлакатни тарк этишни маслаҳат берган давлатлар сони ортиб бормоқда. Бугун эрталабдан бошлаб улар сони камида 12 тага ошди.

Қуйидаги давлатлар Украинани тарк этишни ўз фуқароларига тавсия қилди: Австралия, Багама ороллари, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Исроиль, Иордания, Ироқ, Испания, Италия, Канада, Кипр, Латвия, Литва, Люксембург, Марокаш, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, БАА, Фаластин, Саудия Арабистони, Шимолий Македония, АҚШ, Финляндия, Чехия, Эстония, Япония, Жанубий Корея — Коммерсантъ.

Шунга қарамасдан, Австрия дипломатлари Киевдаги фаолиятини давом эттиради. Австрия, шунингдек, Украинадаги ЕХҲТ Махсус мониторинг миссияси таркибида ўз кузатувчиларини қолдиради. Бу ҳақда душанба куни ТАСС хабар берди.

ЕХҲТнинг якшанба куни хабар беришича, ЕХҲТга аъзо баъзи давлатлар бир неча кун ичида Украинадаги миссиядан ўз кузатувчиларини олиб чиқишга қарор қилишган, бироқ миссия 10 та шаҳарда жойлаштирилган кузатувчилар билан ўз мандатини бажаришда давом этади. Аввалроқ айрим давлатлар ҳам ўз элчихоналари ходимларини Киевдан олиб чиқишга қарор қилган эди.

Канада Украинадаги элчихонасини Львовдаги вақтинчалик офисига кўчирди. Киевдаги элчихона «Россия қўшинларининг Украина билан чегарада жойлашгани» сабабли ишни тўхтатди.

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги Украинадан учиб кетишни режалаштирган фуқароларни тезлик билан буни амалга оширишга чақирди. Агентлик мамлакатдан парвозлар чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Чехия Украинадаги ўз элчихонаси ходимларининг барча оила аъзоларини Киевдан эвакуация қилаётганини билдирди. У фуқароларни Украина ва Белоруссияни тарк этишга ва бу мамлакатларга саёҳат қилишдан тийилишга чақирди.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги дипломатларнинг сонини камайтирмоқда. Элчихонанинг кам сонли ходимлари мамлакатда қолади, деб ёзади РИА Новости. Япониянинг Украинадаги элчихонаси бундан кейин чекланган форматда ишлайди. Ташқи ишлар вазирлиги яна фуқароларни мамлакатни тарк этишга чақирди.

Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни асоссиз ва кескинликнинг кучайтиришга ҳаракат деб атади. Песков Россия ҳеч кимга таҳдид солмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, у бу каби баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

Байден Путинни Украинага бостириб кириш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида Вашингтон Украина атрофидаги вазиятнинг турлича ўзгаришларга тайёр эканини очиқ айтди. Байденнинг қайд этишича, АҚШ ҳали ҳам инқирозни дипломатик йўл билан ҳал қилишни истисно этмайди. Шу билан бирга, АҚШ президенти Россия Украинага бостириб кирса, жиддий ва тез оқибатларга дуч келишини қайд этди. Икки давлат раҳбарларининг суҳбати 12 февраль куни тунда бўлиб ўтди ва бир соатга яқин давом этди —Коммерсантъ.

Жо Байден Владимир Путин билан Украина чегараларида Россиянинг ҳарбий иштирокини кучайтириш ҳақида гаплашди. АҚШ президенти Украинага бостириб кирилса, Вашингтон ва унинг иттифоқчилари қатъий ва тезкор жавоб қайтаришини, бу эса Россия учун жиддий оқибатларга олиб келишини таъкидлади.

«Президент Байден Россиянинг Украинага навбатдаги бостириб кириши кўп сонли одамларнинг азобланишига ва Россия позициясининг заифлашишига олиб келишини яна бир бор таъкидлади. Президент Байден Путинга Қўшма Штатлар иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан тўлиқ мувофиқлашган ҳолда дипломатик саъй-ҳаракатларга тайёр бўлсада, АҚШ бошқа сценарийларга ҳам бирдек тайёр эканлигини айтди», — дейилади Оқ Уй хабарида. Россия томони музокаралар ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.

G7 давлатлари Россия иқтисодиётига қарши санкциялар жорий этишга тайёрлигини маълум қилди

«G7» (Катта еттилик) давлатлари Россиянинг Украинага бостириб кириши, Россия иқтисодиёти учун «кенг кўламли ва тезкор оқибатларга» олиб келадиган санкциялар жорий этишга тайёр эканини маълум қилди.

«Биз Россия иқтисодиёти учун кенг кўламли ва бевосита оқибатларга олиб келадиган иқтисодий ва молиявий санкцияларни биргаликда қўллашга тайёрмиз. Россиянинг Украинага қарши ҳар қандай кейинги ҳарбий тажовузига тезкор ва мувофиқлаштирилган кучли жавоб берилади», — деди Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Японияни ўз ичига олган иқтисодий ривожланган етти давлатнинг норасмий бирлашмаси молия бўлимлари раҳбарлари.

Аввалроқ, «G7″ давлатлари етакчилари 24 февраль куни Украина атрофидаги вазиятни виртуал форматда муҳокама қилиш ниятида экани ҳам маълум бўлган эди. Bloomberg манбаларига таяниб хабар беришича, учрашув Россия ва Украина ўртасидаги чегарадаги вазият ва Россия Федерациясига тегишли „қўшинлар тўпланиши“ масалаларига бағишланади. Йиғилишда „Агар Россия Украинага бостириб киришга қарор қилса, санкциялар жорий этилиши мумкинлиги“ масаласи кўтарилади», — дейилади ТАСС хабарида.


Россия давлат Думаси Донбасс ва Луганск республикаларини тан олиш масаласини кўриб чиқади

Россия давлат Думаси Кенгаши палата ялпи мажлисига ўзини ўзи мустақил дея эълон қилган Донбасс (ДНР) ва Луганск (ЛНР) республикалари мустақиллигини тан олиш бўйича президентга мурожаат қилиш масаласи бўйича иккита қарор лойиҳасини тайёрлашни режалаштирмоқда, деб хабар берди Интерфакс.

«Кенгаш 15 февраль куни Думанинг ялпи мажлисига президентга ДНР ва ЛНРни тан олиш сўрови билан мурожаат қилиш бўйича иккита резолюция лойиҳасини киритиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Унинг сўзларига кўра, биринчи резолюция лойиҳаси давлат Думасига аввалроқ Коммунистик партия фракцияси депутатлари томонидан тақдим этилган.

«Ягона Россия» фракциясининг бир неча депутатлари томонидан таклиф этилган иккинчи резолюция лойиҳасида биринчи навбатда Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва бошқа масъул идораларга республикалар мустақиллигини тан олиш сўрови билан президентга мурожаат қилиш ташаббусини юбориш кўзда тутилган.

«Ушбу икки ҳужжат сешанба куни Думанинг ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этилади», — дейилади нашр хабарида.


Яманда БМТнинг беш ходими ўғирлаб кетилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Яманда беш нафар ходими ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берди. Жиноят ортида Ал-Қоида жангарилари тургани тахмин қилинмоқда. Ўғирлаб кетилганлар орасида тўрт яманлик ва бир хорижлик бор. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.

Ушбу воқеа Абьян провинсиясида содир бўлган. БМТ ходимлари номаълум томонга олиб кетилган. Маълумотларга кўра, ходимларни ўғирлаганлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Улар товон пули ва айрим жангариларни озод қилишни талаб қилмоқда.

БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, ташкилот ходимларининг ўғирланганидан хабардор. Бироқ ташкилот маълумотларга «аниқ сабабларга кўра» изоҳ бермаяпти.


Штайнмайер иккинчи муддатга Германия президенти этиб сайланди

Германия Федерал ассамблеяси амалдаги президент Франк-Валтер Штайнмайерни иккинчи муддатга қайта сайлади. Унинг номзодини Германия Социал-демократик партияси, Христиан-Демократик ва Христиан ижтимоий иттифоқлари, Эркин демократик партия ва Яшиллар партияси қўллаб-қувватлади. Германия президенти беш йиллик муддатга сайланади. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.

Йиғилишда 1472 нафар қонун чиқарувчи иштирок этди, Штайнмайер 1045 та овоз тўплади. Франк-Валтер Штайнмайер 2017 йилнинг 19 мартидан бери Германия президенти лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Бунгача у Германия Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган, шунингдек, Германия вице-канцлери ҳам бўлган.