Тошкент шаҳар Юнусобод туман прокуратураси 21-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси А.М. га нисбатан жисмоний тазйиқлар ўтказилгани ҳолати юзасидан текширувни бошлади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 27 январь куни Меҳрибонлик уйига Миллий превентив механизм доирасида мониторинг ташрифи амалга оширилганда, тарбиячи Б.А. интизомсизлик қилганлиги учун тарбияланувчи А. М. танасининг турли жойларига қўли билан муштлаб уриб, тан жароҳати етказган.

Прокуратура хабарида айтилишича, бола кучли қўрқув ва стрессга тушиб қолгани боис ушбу ҳолат ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаган.

Шунингдек, тарбияланувчи А.М.нинг танаси ушбу Меҳрибонлик уйи шифокори К.Сиддикова томонидан шифокорлар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ўнг қўл тирсак соҳасида 4×3 см (4−5 кунлик), чап елкасида 2×1 см (4−5 кунлик) сариқ кўкарган яра, ўнг оёғининг сон қисмида 2×1 см (4−5 кунлик) кўкарган яра мавжудлиги аниқланган.

Бундан ташқари, воқеа содир бўлган куни тарбияланувчи А.М. навбатчи ҳамширанинг олдига тушиб, ўнг қўлининг лат еб, кўкарган тирсак қисмига суртма дори сурдирган. Бироқ бу ҳолат Меҳрибонлик уйи шифокори томонидан юритиладиган бемор болаларни рўйхатга олиш журналида қайд этилмагани аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Юнусобод туман туман ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 21-сонли Меҳрибонлик уйи директори У.И.Маманованинг 28 январдаги буйруғига асосан тарбиячи вазифасида ишлаб келган Б.А. билан тузилган меҳнат шартномаси унинг аризасига мувофиқ бекор қилинган.

Бундан ташқари, меҳрибонлик уйи собиқ тарбиячиси Б.А. ва бошқа масъул ходимларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун Юнусобод туман прокуратураси томонидан халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати фаолиятига хизмат текшируви тайинланган.

Аввалроқ, «Газета.uz» Тошкент шаҳридаги 21-сонли меҳрибонлик уйида болага тарбиячи томонидан жисмоний тазйиқ ўтказиб келингани ҳолати аниқлангани ҳақида ёзганди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилгиб, тарбиячини вақтинчалик ишдан четлатиш учун ХТВга хат киритган эди.

Омбудсман Алия Юнусованинг таъкидлашича, болалар зўравонлик ҳолатлари ҳақида кўпинча гапиришга қўрқишади. «Зўравонлик қилган шахслар „айтсанг баттар бўлади“ қабилида уларни қўрқитиб қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам улар бундай пайтда керакли ёрдамни ололмайди», — деганди Болалар омбудсмани.