Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли меҳрибонлик уйида болага зўравонлик қилингани аниқланди. Бу ҳақда ЎзА Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусовага таяниб хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, январь ойида болалар омбудсмани номига Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли меҳрибонлик уйида болага жисмоний тазйиқ ўтказилаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Маълумотда меҳрибонлик уйининг А. исмли тарбияланувчисига Б. исмли (эркак) тарбиячи томонидан куч ишлатиб, жисмоний тазйиқ ўтказилаётгани айтилган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказади. Бола суҳбат давомида юқоридаги ҳолатларни тасдиқлайди. Унинг ўнг тирсак соҳаси лат еб, кўкаргани маълум бўлди. Шунингдек, тарбияланувчи навбатчи тарбиячи юқоридаги ҳолат бўлишидан олдин ҳам бир неча маротаба унинг танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказганини, бироқ, у қўрқув остида ушбу ҳолатлар ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаганини айтган.

Мониторинг жараёнида тарбияланувчининг танаси шифокорлар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг танасида кўкарган яралар борлиги, сўзларига кўра, бош қисмида ҳам оғриқ мавжудлиги аниқланган.

Тарбияланувчи А. навбатчи ҳамширанинг олдига тушиб, ўнг кўлининг лат еб, кўкарган тирсак қисмига суртма дори сурдирганлик ҳолати «Амбулатор журнали»да қайд этилмагани ҳам маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилинган. Шу билан бирга, келгусида А.га нисбатан бўлиши мумкин бўлган турли хил тазйиқ ва бошқача таъсирларнинг олдини олиш мақсадида навбатчи тарбиячини меҳнат қонунчилигига мувофиқ вақтинчалик ишдан четлатиш масаласи кўриб чиқилиши учун Халқ таълими вазирлигига хат киритилган.

Алия Юнусованинг айтишича, болалар зўравонлик ҳолатлари ҳақида кўпинча гапиришга қўрқади. Чунки зўравонлик қилган шахслар «айтсанг баттар бўлади» қабилида уларни қўрқитиб қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам улар бундай пайтда керакли ёрдамни ололмайди.

«Агар бола турли жисмоний, руҳий босимларга учраса, бу унинг саломатлигига, тўлақонли ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. — дейди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова. — Ўз навбатида, бу унинг таълим олиш ва ижтимоийлашув қобилиятини пасайтиради. Афсуски, оилаларда болаларга нисбатан зўравонлик, ижтимоий норма ҳисобланиб қолмоқда, Кўпинча унинг оқибатлари муҳокама қилинмайди. „Фарзандни тарбиялаш учун жисмоний куч жазо сифатида ишлатилиши мумкин“, деб ҳисоблайдиган ота-оналар бор. Ачинарлиси, зўравонлик мактабларда ҳам мавжуд», — дейди Алия Юнусова.

«Газета.uz» меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши масалаларига кўп эътибор қаратиб келади. Бу борада қатор материаллар эълон қилинган. Жумладан, «Нима учун меҳрибонлик уйлари ёпилиши керак?», деган сарлавҳа остидаги мақолада, сайтда ўтказилган сўров натижаларига кўра, ўқувчилар, ишончни оқламаётган бўлса ҳам, Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйлари сақлаб қолиниши керак, деган фикрга келишгани ҳақида фикр юритилган эди.