Президент Шавкат Мирзиёев жума кунги видеоселектор йиғилишида йўллар ҳолати ва инфратузилмаси кўп ҳолларда йўл ҳаракатидаги муаммолар, қоидабузарликлар ва аварияларга сабаб бўлаётганини қайд этди.

Жумладан, транспорт серқатнов бўлган 2000 дан ортиқ чорраҳа ва 9500 та пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаган. Аҳоли пунктлари учун 15 минг кмга яқин пиёда ва велойўлаклар етишмайди. Ҳисоблаш қандай амалга оширилгани ва қанчалик тўғрилигига аниқлик киритилмаган.

«Кеча Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожизлар махсус мактабида овозли махсус светофорлар ўрнатилганини кўрдим. Бундай тажрибани барча ҳудудларда жорий этишимиз шарт», — деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида (ШНК 2.07.02−07) светофор ускуналарини кўриш даражаси паст бўлганда ва кўзи ожиз шахсларнинг хавфсизлигини таъминлан учун синхрон овозли сигналларга эга бўлган махсус қурилмалар ўрнатиш лозимлиги белгилаб қўйилган.

Президентнинг сўзларига кўра, 2021 йилда йўл инфратузилмасини яхшилаш, светофор, белгилар бўйича аҳолидан 10 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган.

Айниқса, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё Самарқанд, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида бу муаммо долзарб бўлиб, пиёда иштирокидаги авариялар қолган ҳудудлардан юқори. Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида энг кўп авариялар содир бўлаётган 2200 км халқаро йўллар қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқ билан жиҳозланмаган.

Йўллардаги мавжуд 400 мингта йўл белгилари ва кўрсаткичларининг ярми талабга жавоб бермайди. Биргина Тошкент шаҳрида 15 мингта йўл белгилари етишмайди, 22 мингтасини янгилаш талаб этилади, дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Ваҳоланки, республика бўйича йўл белгилари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқарадиган 1 дона корхона («Автойўл»га қарашли «Автойўл белги» корхонаси) мавжуд бўлиб, унинг қувватлари эҳтиёжнинг 20 фоизини ҳам қопламайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Газета.uz» ҳукумат ўзининг қарори билан ушбу корхонани ягона йўл белгилари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқарувчига айлантирганидан сўнг, мамлакатда ушбу белгиларнинг танқислиги кузатилгани ҳақида ёзганди.

2017 йилда президент қарори билан ИИВнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари махсус эксплуатация-монтаж бўлимларини Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказилганди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари видеоселекторда ҳар бир вилоят ҳокимлигида 1 тадан йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар ўрнатиш, йўл чизиқлари чизишга масъул корхона бўлгани билан уларнинг 80 фоиз техникаси эскирган ёки яроқсиз ҳолда эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, йиғилишда республика бўйича мавжуд 3 мингга яқин чорраҳада светофорларнинг «ягона эгаси» йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида Катта ва Кичик халқа йўллари — «Автойўл»га, пойтахт ичидаги 74 та марказий кўча — шаҳар ободонлаштиришга, 5,2 мингта кўча — туман ҳокимликларига, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳудудидаги йўллар ширкатларга қарайди.

Энди вилоят ва туман марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритгичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, умуман йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади. Соҳадаги корхоналар ҳокимликлардан ҳудудий ЙХҲХларга (Йў ҳаракати хавфсизлиги хизмати) ўтказилади. Ўтказишдан олдин вилоят ҳокимларига корхоналарни техника билан таъминлаш топширилди.

Шунингдек, 2023 йил якунига қадар ушбу хизматлар учун аутсорсингга ҳам йўл очилади, яъни рақобат бўлади.

Бу борадаги ишларни молиялаштириш учун ЙХҲХ тизимида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши маълум қилинди. Жамғармалар ҳар йили камида 400 млрд сўм тушадиган аниқ манбаларга эга бўлади.

Давлат раҳбари мисол тариқасида Фарғона вилояти тажрибасини кўрсатиб ўтди. Вилоят бюджетидан 24 миллиард сўм ажратилиб, 125 километр йўлларга ёритгич ва нур қайтарувчи воситалар, 24 та пиёда йўлакларига светофор, 107 тасига «сунъий дўнгликлар» ўрнатилган.

Натижада вилоятда умумий авариялар 31 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 21 фоизга, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 37 фоизга камайган.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ички ишлар бошлиқлари билан бирга муаммоли жойлар, «авария ўчоқлари»дан келиб чиқиб, уларни бартараф этиш бўйича ойлик ва чораклик манзилли дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқишда «Ўзавтойўлбелги» кохонасининг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бу президент раислигида айнан йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган биринчи йиғилишдир. Давлат раҳбари йиғилишда йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишини маълум қилди.

2021 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, унда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. Авариялар оқибатида 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафар ёш бола ҳисобланади. Президент видеоселекторда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берди.

Шунингдек, давлат раҳбари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилишини айтди. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бўлади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланади. Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганади.

Бундан ташқари, президент Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжудлиги, бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқлигини танқид қилди. Шундан келиб чиқиб, Тошкентда йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизими тўлиқ пойтахт ҳокимияти тасарруфига ўтказилиши айтилди.