Бундан буён ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселекторда маълум қилди.

Вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш топширилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «рақамлаштириш — йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими».

«Афсуски, на пойтахтда, на ҳудудларда рақамлаштириш борасида бирорта намуна қилиб кўрсатадиган жой йўқ. Борини ҳам эплаб ишлата олмаяпти», — деди у.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжуд. Бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқ.

«Ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида юзага келган муаммоларни ўзим қаттиқ назоратга олганимдан кейин ҳокимлар ва ички ишлар бошлиқлари ҳаракатни бошлади. Ушбу ҳудудлар ички ишлар бошлиқлари 1 июлгача кескин ўзгариш қилмаса, уларга нисбатан қатъий чора кўраман. Бошқа ҳокимлар ҳам хулоса қилиб, батафсил ҳисобот беради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, энди Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини рақамли бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш тизими жорий этиш тўлиқ шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтказилади. Йил якунига қадар пойтахтнинг 300 та чорраҳасини, келгуси йилда эса қолган 302 тасини рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ барча масалага шаҳар мутасаддилари жавоб беради ва сўров ҳам улардан бўлади. Ахборот технологиялари, Ички ишлар ва Транспорт вазирликларида ушбу тизимни такрорловчи ёки ишига аралашадиган бўлинмалар бўлиши мумкин эмас, деди давлат раҳбари.

«Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимларининг йўл ҳаракатини рақамли бошқаришни жорий этиш бўйича „йўл хариталари“ билан танишиб чиқдим. Уларда белгиланган тадбирлар фақат қоидабузарликнинг назорати билан чеклангани мени мутлақо қониқтирмайди», — деди президент.

Бир ой муддатда вилоят марказларида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепцияларини ишлаб чиқиш топширилди.