Сенаторлар янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунни муҳокама қилишмоқда. Сенат матбуот хизмати хабар беришича, 8 февраль куни қонун юқори палатанинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида кўриб чиқилган.

«Реклама тўғрисида»ги 30 та моддадан иборат қонун 1998 йил 25 декабрда (бундан 23 йил аввал) қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Янги таҳрирдаги ҳужжат «реклама объекти», «номақбул реклама», «ахлоқсиз реклама», «яширин реклама», «ҳомийлик» каби янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда.

Янги қонун бўйича телеканалларда давомийлиги 10 дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланмоқда:

  • таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши;
  • олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш тақиқланмоқда.

Қонунда вояга етмаганларни уларнинг ишончи ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишдан ҳимоя қилиш тартиби ҳам алоҳида белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекомуникация тармоқлари ва интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар батафсил кўриб чиқилди.

Мазкур қонун айни пайтда Сенат қўмиталарида ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокамалардан ўтказилмоқда.