Ўзбек сўмининг реал самарали айирбошлаш курси индекси 2021 йилнинг IV чорагида 2,9 фоизга мустаҳкамланди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан «2021 йилнинг IV чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.

Бунга сўм курси ва савдо ҳамкорлари бўлган давлатларнинг валюталари, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги инфляция каби бир неча факторлар таъсир кўрсатган.

Валюта курслари

2021 йил давомида Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари валюталари АҚШ долларига нисбатан кўп йўналишли динамика кўрсатди.

Россия рубли 0,6 фоизга қадрсизланди. Сентябрь-октябрь ойларида у нефть нархининг кўтарилиши ва хом ашёга бўлган талабнинг тикланиши туфайли бироз мустаҳкамланганлигини кўрсатди, аммо йил охирига келиб яна пасайди.

Турк лираси 2021 йилда 81 фоизга қадрсизланди. Туркия Марказий банки мамлакатдаги юқори инфляция, импорт ҳажмининг ўсиши оқибатида жорий ҳисобварақ тақчиллиги ва IV чоракда туризм даромадларининг мавсумий пасайишига қарамай, асосий ставкани март ойидаги 19 фоиздан декабрда 14 фоизга туширилиши ҳисобига шундай ҳолат кузатилди.

Қозоғистон тенгеси жаҳон нефть нархлари ўсиши фонида ҳам долларга нисбатан 2,6 фоизга қадрсизланди. Қозоғистон валютасининг заифлашишига асосий сабаблардан истеъмол талабининг кечиктирилиши фонида импортнинг ўсиши ва иқтисодий фаолликнинг тикланиши ҳамда ривожланаётган бозорлардан капиталнинг чиқиб кетиши бўлди.

Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорлари орасида Хитой юани ягона мустаҳкамланган валюта бўлди. Хорижий инвестициялар оқимининг қайта тикланиши ва экспорт суръатларининг ошиши ҳисобига 2,8 фоизлик ўсиш таъминлангани айтилди.

Инфляция

Асосий ҳамкорлар орасида Туркия инфляция бўйича биринчи ўринни эгаллади — 36,1% (2002 йилдан бери энг юқори кўрсаткич). Бунда транспорт, озиқ-овқат ва ичимликларнинг қимматлашиши ҳамда меҳмонхона ва ресторан хизматлари нархининг сезиларли ўсгани муҳим роль ўйнади. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, инфляция ўсиш суръатлари 2022 йилда 9,8 фоизгача, 2023 йилда эса 8 фоизгача секинлашади.

Россия ва Қозоғистонда инфляция 12 ой ичида, асосан, озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг қимматлашиши ҳисобига 8,4 фоизгача тезлашди. Бу йил Россия банки инфляцияни 4 дан 4,5% гача, Қозоғистон Миллий банки 6−6,5% даражасида бўлишини прогноз қилмоқда.

Ўзбекистон ҳамкорлари орасида Хитойда инфляция энг яхши натижани қайд этди — 1,5%. Бунга юқори хомашё нархларини барқарорлаштириш ва энергия таъминотини яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар якуний натижага унчалик таъсир кўрсатмади. Келгуси йиллар учун прогноз 2−2,2 фоизни ташкил қилади.

Нима учун бу муҳим?

Spot нашрининг ёзишича, Россия ва Туркиядаги вазият билвосита сўмнинг курсига таъсир қилади. Масалан, 2020 йилда Россия рубли 19,3 фоизга, турк лираси эса 25 фоизга арзонлашган. Бу ва бошқа тенденциялар сўмнинг реал самарали айирбошлаш курсининг шаклланишида ўз ифодасини топмоқда.

Россия рублининг бироз мустаҳкамланиши ҳам Россиядаги экспортчиларнинг даромадларига, шунингдек, Россиядан трансферларга ижобий таъсир кўрсатди. Бу валюта тушумининг ўсишига ёрдам берди.

Бироқ Туркия президенти Режеп Эрдоғаннинг асосий курсни янада пасайтириш ниятини ҳисобга олсак, турк лирасининг девальвацияси бу йил ҳам давом этиши учун барча имкониятлар мавжуд. Кучсиз лира Туркия бозорида Ўзбекистондан экспорт қилинадиган маҳсулотларни қимматлаштирмоқда, шунингдек, Туркиядан келадиган товарлар таннархини пасайтиради.

2021 йилдан буён Туркия Ўзбекистонда янги қўшма корхоналар ва хорижий компаниялар сони бўйича етакчига айланганини инобатга олсак, Ўзбекистонга келадиган товарлар таннархи тушишида муҳим ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, авввалроқ Марказий банкнинг 2022 йил учун инфляция прогнозлари ҳақида хабар берилганди.